Тошкентдаги ерусти метроси эстакадаси остида автотураргоҳлар қурилади

34

Тошкент шаҳар Яшнобод ҳамда Сергели туманлари ҳудудидан ер усти метро йўналишлари эстакадаси остида автотураргоҳлар қуриш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, бу учун метронинг Яшнобод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмидан умумий ер майдони 2,9 гектар бўлган 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши (умумий ер майдони 3,37 гектар) ҳудудида 1500 ўринли еттита автотураргоҳ, жами бўлиб 2700 ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.

“Тошкент метрополитени” ДУК ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодировнинг қайд этишича, режалаштирилган ишларни амалга оширилиши натижасида умумий ҳисобда 1700 та янги ишчи ўринлари яратилади.

Шунингдек, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солувчи норматив ҳужжат талаблари асосида тизим ҳудудида савдо фаолиятини тиклаш ҳам режалаштирилмоқда.

“Ушбу вазифани ижросини таъминлаш мақсадида, ҳозирги кунда Тошкент метрополитени “Новза” метро бекатининг ҳудуди ҳисобланган пиёдалар ўтиш йўлагида синов ва эталон сифатида савдо шаҳобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда”, – дейди Султон Қодиров.

Маълумот учун, аввалроқ Президентнинг тегишли қарорларига асосан метрополитен йўловчиларига сифатли хизмат кўрсатиш учун 2023 йил давомида метро вагонларини паркини янгилаш мақсадида, метро йўналишларига бешинчи вагон сифатида 10 та ҳаракат таркибларига қўшимча вагон қўшилиши, шунингдек, 14 та тўрт вагонли замонавий турдаги янги ҳаракат таркиблари фойдаланишга топширилиши айтилган эди.