Туркистон тоғ тизмаси булоқлари сувидан ҳосил бўладиган Сангзор дарёси салкам 150 чақирим “йўл босиб”, Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманлари далаларини обиҳаёт билан таъминлайди.
– Табиат ресурсларидан оқилона фойдаланмаяпмиз, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича инспектори Жўра Қораев. – Қум, шағал ва тошни қайта ишловчи тадбиркорлик субъектлари, уларни сотиб пул топаётган фуқаролар Сангзор дарёси ўзани ва қирғоқбўйи ҳудудларига жиддий зарар етказмоқда.
Қарийб ярим асрлик умрини табиат муҳофазаси, ирригация- мелиорация иншоотлари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдек хайрли ишга бағишлаган, “Дўстлик” ордени соҳиби Жўра Қораевнинг ташвишланганича бор.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 9 июлдаги “Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида “Хавфсиз дарё” ДУК ташкил этилиб, қатор масъул идоралар билан ҳамкорликда дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш ишларини тартибга солиш вазифаси юкланган эди.
– Юртимиз ишбилармонлар қатор имконият ва имтиёзларга эга, – дейди Ж.Қораев. – Аммо Сангзорбўйида айрим “тадбиркорлар” бундай қулайликлар фақат “мен учун яратилган”, деган хаёл билан “Хавфсиз дарё” ДУК ҳисобига маблағ ўтказиб, аукционда дарё ўзанидан ер участкалари сотиб олишяпти. У ердан тош, қум, шағал қазиб олиб, даромад топишяпти. Аммо зиммаларидаги асосий вазифа – дарё ўзанини тўғрилаш ишларини эса “эсдан чиқариб” қўйишяпти. Аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, ҳудудда иқтисодий ва экологик муаммо юзага келиши, Сангзор дарёсининг келажаги хавф остида қолиши мумкин.

Биргина мисол: “BINAR TEXNO” шўъба корхонаси 20 йилдан буён Сангзор дарёсининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан тош қазиб олади. Корхона вилоят экологлари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган ва жаримага тортилган. Бироқ огоҳлантириш ва жарималардан наф бўлаётгани йўқ. Чунки корхона дарё ўзанини тозалаш-тўғрилаш ишларига умуман эътибор қаратмаяпти. Натижада корхона учун ажратилган ҳудудда дарёнинг туби 3 метргача пасайиб, эни 200-300 метргача кенгайиб кетган.
Бунинг устига, тош савдоси билан шуғулланаётган корхоналарнинг аксариятида оқава сувни бирламчи тозалашга мўлжалланган махсус ўралар (отстойниклар), ҳовузлар қурилмаган. Оқибатда, қум-шағал ювишда ишлатилган ифлос сув яна тўғри дарёга оқизилмоқда.

Қум-шағалнинг аёвсиз қазиб олинаётгани боис дарё устидаги айрим кўприкларнинг таянчлари атрофи ҳам ювилиб кетаётир. Аслида, ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, ўзан бўйлаб дарё кўприкларидан юқори ва пастга қараб 2,5 километргача бўлган масофани кавлаш тақиқланган.
Дарё ва унга параллель барпо этилган “Эски Туятортар” каналининг бетон қопламалари, гидротехник иншоотлари созлигига путур етмоқда. Тошкент-Термиз халқаро автойўли, шу ҳудуддаги темир йўлнинг Сангзор ёнидан ўтган қисмида қирғоқни мустаҳкамлаш зарурати туғиляпти. Сўнгги 3 йил ичида бу борадаги ишлар учун давлат бюджетидан 27 миллиард маблағ сарфланди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Ishonch.uz”
