Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги каналда сув тошгани ва уйларни сув босгани акс этган суратлар тарқалди.
Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилнинг 24 февраль куни соат 04:00 атрофида Тўрткўл туманидаги «Калта минор-1» хўжаликлараро канали 192-пикетида ён томондан (тўғон) сув тушиши натижасида ҳудуддаги уйлар ва бинолар шикастланган.

Сувнинг ювилиши ва канал қирғоқларининг қулаши натижасида 8 та хонадоннинг уй-жойлари ва 2,5 гектар экин майдонлари зарар кўрган.

Қайд этилишича, каналда ўтган йилнинг куз фаслидан буён сув сатҳи ҳозиргидек кўтарилмаган ва дастлабки тахминларга кўра, қирғоқ канал ёқасидаги кемирувчилар уяси орқали ўпқон очилиб, юқоридаги ҳолат юзага келган.

Ҳозирда ишчи кучлари ва махсус техника сафарбар қилиниб, эрталаб соат 7:00 да каналдан сув чиққан жой бутунлай ёпилган.
Мазкур ҳолатнинг юзага келишида ҳудудга бириктирилган сувчиларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани ёки айрим сув истеъмолчилари (фермер, томорқа ер эгалари)нинг сувни бошқаришда белгиланган меъёр ва талабларга бўйсунмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилгани ҳолатлари ҳам текширилмоқда.
Шунингдек, зиён миқдорига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.
