“Бола ўғрилари кўпайдими?” ИИБ масъул ходими жавоб берди

55

Янгиҳаёт туманида рўй берган 12 ёшли Муслиманинг аянчли ўлимидан сўнг кўплаб ота-оналар ўз фарзандлари хавфсизлигидан ташвишга тушиб қолди. Ижтимоий тармоқларда йўқолган болалар расми кўпайиб қолгани ҳам бу хавотирларни янада оширди. Хўш, Тошкент шаҳрида чиндан ҳам бола ўғрилари кўпайдими? Ушбу савол билан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Нилуфар Исахановага мурожаат қилдик. 

— Йил бошидан буён пойтахтда гўёки бола ўғирлангани ёки бола ўғирланишига қасд қилингани ҳақидаги 6 та хабар тарқалди. Тарқалган ҳар бир хабар Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилди, лекин уларнинг биронтаси ўз тасдиғини топмади. Маълумот ўрнида айтиш керак, Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида биронта ҳам бола ўғирланмаган.

Тўғри, вояга етмаганлар бедарак кетган ҳолатлар бўлган, лекин барча вояга етмаганлар топилган ва оиласига қайтарилган.

Таҳлилларга кўра, вояга етмаганлар аксарият ҳолларда оила аъзолари билан ўзаро келиша олмаганда, улардан хафа бўлганда ёки турли тазйиқларга учраганда уйидан чиқиб кетиши мумкин. Кичик ёшдаги болалар эса уйидан адашиб қолган ҳолатларда йўқолгани аниқланган. Уларнинг барчаси қисқа муддат ичида топилиб, соғ-саломат оиласи бағрига қайтарилган.

2022 йил давомида 231 нафар вояга етмаган бедарак кетган сифатида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ёш бўйича таҳлили қуйидагича:

10 ёшгача — 32 нафар,

10 ёшдан 14 ёшгача — 32 нафар,

14 ёшдан 18 ёшгача — 167 нафар.

Уларнинг барчаси соғ-саломат топилган ва оиласига қайтарилган, — дейди масъул ходим.

Шунингдек, Нилуфар Исахонова пойтахтимиздаги мактабларда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари бириктирилганини, мактаб атрофидаги яхши ёритилмаган ва овлоқ кўчалар аниқланиб, ички ишлар ходимларининг патруллиги йўлга қўйилишини ҳамда болалар бехавотир мактабга бориб-келиши мумкинлигини ҳам маълум қилди.