«Умримнинг қарийб 14 йили қамоқда ўтди…»

50

ёхуд собиқ маҳкумнинг иқрори

 

Таҳририятдан: «Ishonch» газетасининг 2022 йил 29 сентябрдаги «Депутатлар маҳкумлар тарафида эмас(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақола юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиевнинг муносабати ҳам газета саҳифаларида эълон қилинди.
Яқинда яна бир фуқаро кўтарилган мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини чоп этишимизни сўради. Қуйида уни эътиборингизга ҳавола қилаётирмиз.

Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб

…Ўзимни ўқирман ҳисобламайман. Аммо ҳар замонда бир газеталарни варақлаб тураман.
«Ishonch» газетасида «Мен не дейману қўбизим не дейди…» сарлавҳали мақолани ўқидим. Чунки кўтарилган мавзу менга бегона эмас…
Тўғри, бугун вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар ўртасидаги, умуман, жиноятчиликни камайтириш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу бўйича турли қарору фармонлар қабул қилиниб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари тинимсиз ўтказиб келинаётир. Аммо шунинг ўзи билангина масала ижобий томонга ўзгариб қолиши қийин.
Гап жиноятчилик, айниқса, бир неча маротаба жазога тортилишига қарамай, шу ишни қайта-қайта содир этаётганларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида кетар экан, муаммонинг ­моҳиятига чуқур кириб бориш, собиқ маҳкумлар билан ишончли алоқа ўрнатиш, уларни доимо назорат қилиб туриш керак деб ўйлайман.
Фикримни ўз мисолимда изоҳласам. Зотан, табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб…
Пойтахтда ўзига тўқ оилада таваллуд топганман. Битта акам ва синглим бор. Отам кўп йиллар катта бир меҳмонхонанинг директори бўлган (афсус, ўн йил олдин оламдан ўтди). Шўх ва ўйинқароқ бўлганман. Кўп ҳолларда дарсни ташлаб чиқиб кетардим. Ўқитувчилар устимдан кўп бор ота-онамга шикоят қилган. Аммо ўша вақтда на отам, на онам менга дакки берган…
Умуман, отам бирон марта мени ёнига ўтқазиб, нима яхши, нима ёмонлиги ҳақида тушунтириш берганини, тартиб-интизомга чақирганини эслолмайман. Бизга деярли вақт ажратмас, фақат иш билан овора эди. Хуллас, ўзим хон, кўланкам майдон бўлиб ­вояга етдим.
Тикувчиликка қизиқишим боис шу соҳани яхши ўзлаштирдим. Бу ишга туғма қобилиятим бор десам ҳам муболаға бўлмайди.
Биринчи сафар. 19 ёшимда ўғриликда айбланиб, олти йилга ҳукм қилиндим. Лекин тўрт ой ўтгач афв этилиб, озодликка чиқдим.
Шундан сўнг бир йиллар чамаси ўзим қизиққан касб – тикувчилик ҳунари билан шуғулландим. Бироқ менга нимадир етишмаётгандек эди.
Иккинчи сафар. Фирибгарликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилдим. Қамоқда уч йилдан ортиқ ўтиргач, яна муддатидан олдин озод қилиндим.
Озодликка чиққач, ўз соҳам бўйи­­ча иш изладим. Тўғри йўлга қайтмоқчи эдим. Бироқ кўпчилик қамалганимни эшитгач, ёрдам беришни хоҳламади. Ўзимни худди кераксиз буюмдек ҳис қилдим.
Учинчи сафар. 2012 йил 166-модда билан ўн йилга озодликдан маҳрум этилдим. Бу гал жазо муддатини тўлиқ ўтадим.
Бошимга тушган кўргиликларда ҳеч кимни айбдор санамайман. Ҳаммасига ўзим сабабчиман.
Тутқунликда менга нисбатан зўравонлик ёки қонун бузилиш ҳолати бўлмаган. Аксинча, у ерда ўзим қизиққан соҳа бўйича ўқидим, ўргандим, сертификат олдим.
Хуллас, қарийб ўн тўрт йил умрим маҳкумликда ўтди. Тўғриси, афсус-надоматларим, изтиробларимни сўз билан ифодалаб бериш қийин.
Озодликка чиқарканман, ўз олдимга мақсад қўйдим: энди бу йўлга сира қадам босмайман.
Жазони ижро этиш муассасаларидаги шарт-шароит жуда оғир, маҳкумлар ҳамиша босим остида бўлади, деган гапларга унчалик қўшилмайман. Ҳар ҳолда, бошқа мамлакатларнинг қамоқхоналари билан бизникининг орасида ер билан осмонча фарқ бўлса керак.
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи мезонларни оғир деб ўйламайман. Аксинча, ҳақиқатан ҳам, жиноят содир этиб, ўз айбига иқрор бўлиб, жазога тортилганларни қатъий талаб ва мезонлар асосида қайта тарбиялаш тарафдориман. Токи бир марта адашиб, жиноят йўлига кирган инсон бу ишни қайта содир этмасин.
Асосий гап. Жиноятчиликни камайтириш, жазога тортилганларни тўғри йўлга солиш учун тарғибот-ташвиқот тадбирлари билангина чекланиб қолмасдан, амалий ишларни қилиш керак, деб ҳисоблайман.
Тўғри, озодликка чиққан ҳар бир маҳкумга ҳудудидаги маҳалла инс­пектори бириктирилиб, назорат қилинади. Аммо бу шунчаки расмиятчилик учун, холос.
Амалда эса, жиноят содир этиб озодликка чиққан одамни ҳеч ким қўллаб-қувватламайди. Улар ўз ҳолига ташлаб қўйиляпти. Балки шу сабабли бир марта жиноятга қўл урган шахс яна бу ишга қўл ураётгандир…
Тан олиб айтиш лозим, бу борада ҳукумат бир қанча ижобий ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 29 июндаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган тегишли низомга биноан жазо муддатини ўтаб чиққанларга тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналиш­лардаги лойиҳаларини амалга ошириши учун маҳаллий бюджет (туман, шаҳар, вилоят) ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида – 9 миллион 200 минг сўм) ажратиш белгиланган.
Афсуски, ушбу қарор ҳам амалда ўз ижросини топмаётгандек. Шахсан ўзим тадбиркорлик қилиш мақсадида масъулларга мурожаат қилдим. Бироқ бундан деярли натижа бўлмади. Ҳоким ёрдамчиси томонидан менга икки миллион сўм маблағ берилди, холос.
Бошқа чора қолмагач, ўз номимга кредит олиб, тикув машинаси харид қилдим. Айни пайтда тикувчилик билан шуғулланяпман.
Хулосам шуки, ҳар қандай ҳолатда ҳам жиноятчини оқлаб бўлмайди. Лекин у ҳам инсон. Унинг ҳам ҳаётдан умиди бор. Яшаши керак. Бунинг учун эса унинг ёнида тўғри маслаҳат берадиган, қўллаб-қувватлайдиган одам бўлмоғи лозим. Жамият уларнинг кейинги тақдири, ҳаётга мослашуви борасида қайғуриши, зарур чоралар кўриши керак. Зеро, бугун жазо муддатини ўтаб чиқиб, ҳаётда ўз ўрнини тополмай юрганлар анчагина.

P.S: Фуқаронинг шахсий маълумотлари таҳририятда мавжуд.