2023 йилги Наврўз умумхалқ байрами Ўзбекистонда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади.
Наврўз байрамида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари ташкил этилади. Шунингдек, байрам арафасида умумхалқ ҳашарлари ташкил этилади ҳамда кўмакка муҳтож фуқароларга беғараз ёрдам хайрия тадбирлари ўтказилади.
Байрам тадбирлари билан боғлиқ харажатлар эса бюджет ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
Маълумот учун, Президентнинг “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан:
• беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар – 5 кун (18-22 март кунлари);
• олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар – 4 кун (19-22 март кунлари) кетма-кет дам олади.
Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимларнинг дам олиш кунлари қуйидагича кўчирилади:
• 11 март — шанба кунидан 20 март — душанба кунига;
• 25 март — шанба кунидан 22 март — чоршанба кунига.
Шунинг ҳисобига беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган 11 ва 25 март кунлари ишга чиқишларига тўғри келади.
Олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 20 март — душанба ва 22 март — чоршанба кунлари қўшимча дам олиш кунлари бўлади.
Иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 23 март, пайшанбадан бошлаб одатдаги иш куни ҳисобланади.
Маълумот учун, 8 март (чоршанба) — Хотин-қизлар куни ҳам Меҳнат кодексининг 131-моддасига асосан дам олиш (ишланмайдиган) куни ҳисобланади.
