Anadolu: Туркияда қурилишларга алоқадор 247 киши ҳибсга олинди

59

Туркия ҳукумати мамлакатдаги вайронкор зилзилалар пайтида қулаган бинолар қурилишида иштирок этган 247 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда 5 март, якшанба куни Anadolu ахборот агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йил 6 феврал куни содир бўлган табиий офатдан буён ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса вафтида қулаган уйлар қурилишига алоқадорликда гумон қилиб 997 кишини ҳибсга олган. Ҳозирда улардан 247 нафари ҳибсда қолмоқда, яна 322 нафари суд назоратига олинган.

Шунингдек, яна 300 нафар гумонланувчиларни ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Аввалроқ, 25 феврал куни Туркияда зилзилалардан энг кўп жабр кўрган Нурдағи шаҳри ҳокими Оккеш Кавак қўлга олинган эди. У ушбу лавозимга киришдан олдин қурилиш компаниясида пудратчи бўлган, кейин эса уни укаси Усмон Кавакка топширган. Нурдағи шаҳрига раҳбар бўлиб келганидан кейин ҳам керакли текширувларни ўтказмаган.

22 феврал куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу Туркия ҳукумати зилзила пайтида биноларнинг қулашида айбдор деб гумон қилинган компаниялар – қурувчилар ва пудратчилар раҳбарлари ва ходимлари орасидан 564 киши аниқлаганини айтганди. Улардан 160 нафари ҳибсга олинган, 18 нафари ушланган ва 175 нафари гаров эвазига озод қилинган.

Маълумот учун, 6 март ҳолатига кўра, Туркияда зилзилалар қурбонлари сони 46 мингга яқинни ташкил қилган. Сурияда 5,8 мингдан ортиқ киши табиий офат қурбонига айланди.