Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигига! Пайтдан фойдаланиш пайти ўтмадими?

72

Мана, баҳор ҳам келди, кунлар ҳам исиб қолди. Аммо…
Жамоат транспортларида юрадиган юртдошларимиз ҳалигача қаҳратон қишнинг “қаҳри”дан қутулгани йўқ! Улар совуқ кунларда чўнтакларига кириб олган “совуқ”дан ҳануз азият чекишяпти.

Гапнинг индаллосини айтганда, туновги изғиринли кунларда метро ва автобуслардан ташқари бошқа жамоат транспортларида йўлкира камида минг сўмга кўтарилди. Бунга газнинг йўқлиги оқибатида “заправкалар”нинг ёпилиши сабаб бўлди. Асосан бензинда юрилди.

Хўп, ўшанда ҳолатга тушунса бўлар эди. Энди-чи?
Ҳозир газ “заправка”лар муаммосиз ишлаб турибди. Лекин йўлкира ўша-ўша, тушгани йўқ.

Ўзи бизда қимматлашган нарсанинг нархи ҳеч замон тушганми? Эслолмайман.

Турли йўналишларга қатнайдиган “дамасчи”лар ва “газелчи”лардан “Газ бемалол-ку, нега нархни туширмаяпсизлар?..” деб сўрадик. Уларнинг аксариятидан шундай жавоб олдик: “Бизга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ…”

Қизиқ, пастдагилар “ҳеч ким ҳеч нарса демади” деса, тепадагилар “ким нимаям дерди” деса, вазият қачон ўнгланади?

Хуллас, ушбу масалага масъул бўлган тепадагилар пастдагиларга бир нарса деб қўйинглар!

Дарвоқе, айтилган муаммо бўйича аниқ мисоллар келтириш шарт эмас. Чунки республикамизнинг деярли барча ҳудудларида “хўрозлар бир хил қичқиряпти”. Сизлар ҳам эшитяпсизларми?..

Алижон АБДУРАҲМОНОВ