Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогер Ф.Маннопов вафот этган “StarMedSentr” клиникасида текширувлар олиб борилаётгани, шу сабабли муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган сифатида лицензиатлар томонидан лицензия талабларига тўлиқ мувофиқлик таъминланишини назорат қилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда айни пайтда вазирлик тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Ф.Маннопов вафоти юзасидан пойтахтимиздаги “StarMedSentr” клиникасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Дастлабки текширув маълумотларига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган”, – дейилади вазирлик маълумотида.
Шу боис вазирликнинг жорий йил 11 мартдаги 33-06795-сонли қарори билан мазкур клиникага 2021 йил 16 февралда тиббий фаолият учун берилган 27390032-сонли лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги ҳамда келгусида салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида унинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Ўз навбатида, “StarMedSentr” клиникаси ҳам жорий йил 14 март кунидан бошлаб, 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатганини вазирликка маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 март куни 26 ёшли блогер Фарҳод Маннопов (Mittivine) жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинган эди.
