Хотин тинмай жаврайди. Замондан ортда қолаётганмишман. Одамларга ўхшаб, мундоқ «тилбузар» ҳам кўрмасмишман. Дунё ўзгариб кетганмиш…
Экранда кўз-кўз қилинаётган ўзгарган оламга «суқланиб» боқаман. Шу десангиз, орасига қўйилаётган сериалларни айтмаганда, маза қилиб реклама томоша қилса бўларкан. Айниқса, тикув машиналари ҳақидаги тарғиботлар аломат. Бу матоҳни уйингга, шундоқ эшигингнинг тагига (яна бепул) келтириб беришармиш. Гижинглаган бу «той»нинг нархи ҳам ҳамёнбоп, атиги 129 минг сўмдан 800 минг сўмгача эмиш. Совғасига пол артадиган латтасигача бор экан. Сеҳрли бу матоҳ 5 хилдан 12 хилгача ҳам олдига, ҳам орқачасига тикармиш. Тўнкариб ё ётқизиб қўйсангиз ҳам, тикаверармиш. Ё қудратингдан…
Хотинга жон киради. «Ана, кўрдингизми…» дея кўзлари ёнади. Уй бурчагида ярим асрдан бери корига яраб келаётган онамдан қолган тикув машинасига қараб мўлтаяди. Рўмолининг четини ўйнаб, хаёлга ботади.
Индамаса ҳам муддаоси тушунарли. Кейинги сафар шу реклама берилаётганда, сим қоқдим. Телефондан майин овоз эшитилади: «Хоп-шоп» теледўконимизга хуш келибсиз. Харид учун бирни босинг, маълумотлар учун иккини босинг, савол учун учни босинг…». Хушмуомалалик билан савдолашамиз. Самарқандга етказиб берилиши учун атиги 800 минг сўмлик матоҳга яна 30 минггина қўшсангиз, кифоя экан. Бонусига пол латта. Ишлашига бир йиллик кафолат, сервис хизмати бепул. Ихчамгина, зўр ишлайди…
Берилган ваъдалар сарёғдек бирам хуш ёқдики, эриб кетганимни билмай қолдим. Тўрт кун ичида маҳсулот қўлингизда бўлади, дейишди. Аммо келишувнинг эртасигаёқ дарвозани тақиллатишди. Пул бўлса, чангалда шўрва эканда, а?!
Хуллас, ўша куни уйда катта байрам бўлди. Сал қолди тикув машинанинг «оёғи тагига» бузоқми, қўйми сўйворишимга. Набира қизларим «машина»нинг атрофида айланиб, бирам суюнишди. Аммо, афсуски, хурсандчилик узоққа чўзилмади. Не-не умидлар билан олинган матоҳ «ҳунар» чиқарди. Ишлатаман деса, ип чайнайди. Тажрибали тикувчилар ҳам уринишди, бўлмади.
Сервис хизмати текин, бир йиллик кафолати бор, дея ширин ваъдалар берган «хоп-шоп»га боғландик. Ҳозир телефонингизга битта видео ташлаймиз, дейишди. Э, хуллас, видеолар жўнатиш бошланиб кетди. Замонавий сервис хизматингдан ўргилдим. Агар шу видео кўрсатмалар орқали ўрганиш мумкин бўлганда хотин аллақачон катта уста бўлиб, «хоп-шоп»га нон қолдирмасди.
Маслаҳатлардан зада бўлиб, уста излашга тушдик. Унча-мунча тикув машинасининг тилини биладиганларнинг «Roniq»га тиши ўтмас экан. Қидириб, суриштириб Иштихон томонларда донғи кетган Собиржон устани топдик. Ўн дақиқа ҳам ишламаган матоҳни кўриб, уста бош чайқади. «Бир тийинга қиммат, очиб кўришга арзимайди» деса бўладими. Агар нархига чидасак, тузатиб берармиш. Аммо «касали қайталамаслигига» кафолат йўқ деди. Устанинг айтишича, бу тикув машинасини бузилгунга қадар ишлатиб, сўнг ташлаб юбориш керак эмиш.
Яна гўшакка ёпишамиз. Салкам бир ойлик асаббузарликдан сўнг «хоп-шоп»дагилар ҳам қилиқ чиқара бошлади. Телефонда Шаҳнозахон, Маликахон, Сарвинозлар сайрайди. Аммо натижа йўқ.
Пули куйган қалампир чайнабди, дейишган, қўйиш йўқ, қўймаймиз ҳам. Охири «хоп-шоп»дан хабар келди. «Roniq»ни Тошкент шаҳар Миробод тумани Туркистон кўчаси 4-уйга жўнатишимиз керак экан. Почтага тўланган пул квитанциясини (эсдалик учун) сақлаб қўйиш керакмиш. Улар сотган матоҳини қўлга олгач, 7 кундан сўнг жавобини айтармиш. Кўнсанг шу, бўлмаса, катта кўча. Ола…
Дўконда ҳамма нарса сир сақланармиш. Ном ҳам, манзил ҳам. Асаблар бузилиб, телефонга тармашамиз. «Хоп-шоп» теледўконимизга хуш келибсиз». Бирни босинг… дуд, …иккини босинг… дуд, …учни босинг… дуд, беш… олтини босинг. Э, бор-е, деб силтаганда, қўл еттига тегиб кетибди. Телефондан дўриллаган овоз келади: «Ҳурматли мижоз ўнг томонингизда девор борми?..». «Ҳа, бор, бор» дейман илинж билан. «Унда ўгирилинг» дейди дўрилдоқ. «Ўгирилдим» дейман шоша-пиша. «Энди бошни орқароқга ташлаб, ишламайдиган бу хом каллани деворга уринг. Шунда қотаётган бошдан ҳам, тикув машинасидан ҳам қутуласиз». Дуд… дуд… дуд…
Ўзимга ўзим дейман: энди кўзинг очилгандир, сенга ўхшаб куйганлар қанча. Ахир бу «бизнес»ку! Нима қиласан, вой-дод қилиб, прокуратура, истеъмолчилар жамиятидаги масъулларнинг ҳаловатини бузиб?!.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
