Хабарингиз бор, шу йилнинг 30-апрель куни янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Демак, шу юртда яшаётган, эртанги орзу-умидларини, фарзандлари ва яқинлари бахту камолини шу муаззам Ватан тақдири билан боғлайдиган ҳар бир юртдошимиз бу сиёсий жараёнга бефарқ бўла олмайди.
Янги таҳрирдаги конституциявий қонунда белгиланган нормалар сизу бизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз ҳимоясига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Биргина хотин-қизлар масалалари билан боғлиқ нормаларга эьтибор қаратадиган бўлсак, эндиликда уларнинг меҳнат қилиш ҳамда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдам миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги ҳақидаги ўзгаришлар киритилмоқда. Буларнинг ҳаммаси юртдошларимизнинг ҳаёт даражасини, уларнинг харид қобилиятини яхшилайди.
Мен ҳар бир моддаси инсон қадр-қимматини ҳимоялайдиган, Янги Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берадиган Конституция тўғрисидаги референдумда фаол иштирок этаман ва сизларни ҳам шунга даъват этаман.
Гулнорахон АҲМЕДОВА,
Республика маънавият ва маърифат маркази
Данғара тумани бўлинмаси раҳбари
