Қочиб юрган фирибгар Швециядан тутиб келтирилди

29

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари халқаро қидирувда бўлган шахсни Швециядан экстрадиция қилди.

У ноқонуний бойиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, пухта ўйланган режага мувофиқ, тегишли ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали кўчмас мулкни сотиш билан шуғулланган ва ўзининг ушбу фирибгарлик ҳаракатлари орқали жабрланувчиларга катта моддий зарар етказган.

Олинган маълумотларга кўра, жиноятчи Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳудудида яширинган, аммо тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахс Швеция ҳудудида аниқланган ва ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилганидан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди.

Маълумот учун, жиноятчини экстрадиция қилиш Швеция давлати билан биринчи марта бўлиб, бу Тошкент ва Стокхолм Интерпол Миллий Марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ҳамда Лион шаҳрида ўтказилган Миллий марказий бюролар раҳбарларининг йиллик конференциясидаги учрашувлар натижасида амалга оширилган.