Ажабтовур ишлар бўляпти-да. Ўтган куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати томонидан овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига қўшимча бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинувди.
Хусусан, Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш (бунда тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиши), кам сонли одамлар яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициентини жорий этиш амалиёти кўриб чиқилиши ҳақида айтилганди. Бу жамоатчиликни бироз ҳовуридан туширгандек бўлганди ҳам.
Аммо кўп ўтмай Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев ушбу янгиликни рад этди.
“Буларнинг барчаси овоз бериш жараёнини сохталаштириш ёки кўпайтириб кўрсатишга қарши курашишга мўлжалланган вазирлик даражасидаги таклифлар эди. Ахборот хизмати ҳали хом бўлган лойиҳани эълон қилиб юборган”, дейди вазир. Шу гапнинг ўзиёқ ажабтовур. Яхшилаб ўқиб кўринг.
Унинг сўзларига кўра, ушбу соҳада бирорта янгилик қилишдан олдин сўровнома ўтказилиб, кейин қарор қабул қилинади. Жаноб вазиримиз ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган бу лойиҳанинг аввалбошидан нега сўровнома орқали амалиётга киритилмагани ҳақида тўхталиб ўтиришни ўзига эп кўрмади.
Яна ўзини инкор этувчи ўрин.
Шерзод Қудбиев тизим яхши ишлаб тургани, халқимиз уни жуда эркин тарзда амалга ошираётгани ва ўз овозини бераётганини қайд этди. Яхши ишлаб турган тизимга қўшимча киритиш эмас, у ёки бу соҳалардаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади. Вазир ўзининг матбуот хизмати эълон қилган маълумотни “нопрофессионал шарҳ” деб атади.
Хўш, ҳали ҳамон вазирликнинг телеграм расмий каналида сақланиб турган муносабатни ростанам “нопрофессионал” ёндашув бўлди, дейиш мумкинми? Унда нега бу баёнот ҳалигача олиб ташланмади, умуман вазирлик қачондан бери профессионал бўлмаган ходимлар билан ишламоқда? Улар долзарб масалалар юзасидан кейин бемалол инкор қилиш мумкин бўладиган ахборот, маълумотни тарқатса бўлаверади, деб ўйлашар экан, халқнинг тизимга, масъулларга ишончи сусайиб кетмайдими?
Қолаверса, видеомурожаатда Шерзод Қудбиев таъкидлаганидек, бу ташаббусни одамлар эркин тарзда амалга оширмоқдами? Ижтимоий тармоқларда баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”) (бундай аталишининг ўзи баҳсли) лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, бундан бош тортганларга таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарларга тез-тез дуч келяпмиз. Ҳатто яқинларимиздан ҳам кўплаб ҳаётий мисоллар эшитиб турибмиз. Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар маошини ошириш, уларга мажбурий меҳнатларни юклашни бекор қилиш масалалари ҳақида гапириб турган, бу қонун даражасида тасдиқлаб турилган бир пайтда муаллимларнинг қўпол бўлса ҳам тиланчи каби “бизга овоз беринг”, деб кўчама-кўча, кафема-кафе, бозорма-бозор юришини қанчалик “эркин” деб баҳолаш мумкин?
“Тизимнинг яхши ишлаб тургани” ҳақидаги иддао аслида ҳақиқатдан анча йироқ эканини наҳотки вазир кўрмаяпти, билмаяпти… Ахир унинг ортида нафақат ўқитувчилар, балки бошқа касб эгалари, вояга етмаган болалар, ёшлар, ўсмирларнинг ортга қайтмас бебаҳо вақти, оворагарчиликлари ётибди. Ҳатто одамлар Наврўз байрамини нишонлаш учун йиғилган сайлгоҳларга ёш йигит-қизлар байрам қилгани эмас, овоз йиғиш учун келишгани, эрталабдан кечгача тик оёқда туришганига ҳам гувоҳ бўлдик. Наҳотки бундай вазиятни эркин қатнашиш деб баҳолаш мумкин бўлса?!
Очиғини айтганда, вазирнинг бу гапларини ҳам “қайтариб олиш” эҳтиёжи бўй кўрсатмоқда…
