Ҳозирги ёшлар ростданам китоб ўқимайдими?..

55

Охирги пайтларда катта ёшлилардан, ҳатто, ўқитувчилардан ҳам «Ёшлар китоб ўқимайди, улар телефон ва интернет билан овора», деган таънаомуз гапларни кўп эшитамиз. Мен бу гапга тўлиқ қўшилмайман. Негаки, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага қачон кирмайин, кўплаб талабаларни кўраман. Уларнинг қай бирлари жаҳон адабиётига оид бадиий асарни ўқиётган, бошқалари IELTSга тайёрланаётган бўлади. Ўзим ҳам бу йилги қишки таътилдан қайтгач, то дарслар бошлангунга қадар ҳар куни дугоналарим билан бирга китоблар дунёсига қатнадим. Ўша кезлар кутубхона жуда гавжум эди. Ҳатто, ўриндиқлар етмай қолган, айрим йигит-қизлар ерда ўтириб, дарс қилган пайтлар ҳам бўлди.

Мен ушбу маърифат даргоҳи китобхонлари ўртасида ўзимча кичкина  сўровнома ўтказдим. Улардан не сабаб кутубхонага келишлари, бу ерда қандай қулайликлар мавжудлиги, муассаса ходимларининг хизмат кўрсатиши, муомаласи қай даражадалиги ҳақидаги фикрларини ўргандим. Ҳар биридан ҳар хил жавоб олдим.

Ризо АҲМАД,
филология фанлари доктори, профессор, ёзувчи:

– Рус тили ва адабиёти бўйича мутахассисман. 50 йилдан буён олий ўқув юртларида ишлаб келаман. Миллий кутубхонада баъзи газета-журналлардан фойдаланиб, ижод қиламан. Интернетга уланган компьютерлар орқали зарур маълумотларни топиб, фикр-мулоҳазаларимни бойитаман. Мен деярли ҳар куни эрталаб кутубхонага ошиқаман. Бу ерда ишлайдиган ходимларнинг муомаласи ҳам, мижозлар учун яратилган қулайликлар ҳам яхши. Шу боис кўп нарсаларни бемалол ўқиб, ижод қиламан. Масалан, бир сафар Сурхон воҳасида ажойиб урф-одат борлигини эшитиб қолдим. Унга кўра, тўй куни 6-7 нафар қиз бир хонада паранжи ёпиниб ўтирар, куёв кириб, юзини кўрмаган ҳолда ўз қайлиғини топиши керак экан. Агар адашса, бегона қизга пул берар, бу ҳолат бўлажак рафиқасини топгунича давом этар экан. Ушбу анъана мени қизиқтириб қўйди. Шу боис кутубхонада керакли маълумотларни тўплаб, улар асосида нав­батдаги ҳикоямни ёздим.

 Равшан ОБИДОВ,
ТДИУ сиртқи бўлим талабаси:

– Мен ҳам кунимнинг асосий қисмини ё университет кутубхонасида ёки Миллий кутубхонада ўтказаман. Улардаги осойишталик, биров-бировга халақит бермаслиги, айниқса, тенгқурларимнинг дарс қилишлари мени жуда  руҳлантиради. Лекин бир муаммодан қийналаман. Биласиз, чет тилини ўрганиш учун мобил алоқа воситаси жуда зарур. Баъзан телефонимнинг қуввати тугаб қолса, режалаштирган дарсларимни тугатолмайман. Телефонимни қувватлантирай десам, кутубхона ходимлари рухсат беришмайди. Компьютеримни эса, олиб келолмайман, қуввати тез тугайди. Қарабсизки, дарслар ўлда-жўлда қолади.

Менимча, «розетка»лар кўпайтирилиб, улардан фойдаланишга изн  берилса, айни муддао бўларди. Нусхаси компьютердан кўчирилган IELTSга оид китобларни олиб киришда доимо муаммога дуч келаман. Ходимларнинг бири «Китоб олиб кириш мумкин эмас!» деса, иккинчиси «Унга муҳр бостириб келинг, шунда мумкин», дейди. Бошқаси кейинги сафар китобнинг муҳр босилган варағини йиртиб ташлайди. Оқибатда эса, китобхонларнинг ҳафсаласи пир бўлаади.

Лайло АБДУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат кимё-технология университети талабаси:

– Тошкентлик бўлганим сабабли ўқишга уйимиздан қатнайман. Бу – яхши, бироқ эл қатори яшаганимиз боис ўзим ёқтирган, жаҳон адабиётига дахлдор  асарларни дўконлардан сотиб олишга маблағ тополмайман. Шу боис уларни кутубхонага келиб ўқийман. Бу даргоҳга қадам қўйишим биланоқ кўнглимда алланечук хотиржамликни ҳис қилиб, руҳиятимда ўзгариш сезаман.

Зеро,  кутубхона мен учун энг севимли маърифат мас­канига айланган.

Холмурод (Сурхондарё вилояти):

– Пойтахтга чет тилини ўрганиш умидида келганман. Немис тилидан курсга қатнайман, уни яхши ўзлаштиргач, Германияга кетмоқчиман. Миллий кутубхонага тез-тез келиб тураман. Негаки, мен уни инсон диққатини жамлайдиган, ўзини ва ҳар бир хатти-ҳаракатини назорат қила оладиган,  истаган китобини топиб ўқиш имконига эга маскан деб биламан.

Мен дарсларимни 2-3 соатда тугатиб, кейин бадиий асарлар ўқишга киришаман. Айни кезларда Тоҳир Малик ва Саъдий Шерозий китоблари мутолааси билан бандман. 

 Иброҳим ДАВРОНОВ,
ЎзЖОКУ талабаси:

– Абитуриентлик давримда деярли барча кутубхоналарга кирдим, лекин Миллий кутубхонага тенглаша оладиганини кўрмадим. Менга, аввало, ундаги муҳит ва шароитлар ёқади. Хусусий уй ёки ижарага олинган хонадон ҳар қанча тинч, шароитлари жуда яхши бўлса-да, барибир, нимагадир чалғийсиз. Гоҳ телевизор кўриб, гоҳ қўл телефонингизни ёки компьютерингизни титкилаб, қимматбаҳо вақтингизни бой берасиз. Шунданми, мен уйда эканлигимда ўзимни негадир ялқовлардек ҳис қиламан. Кутубхонада эса, бошқалар сингари  вақтдан унумли фойдаланиш пайида бўламан. Уйда уч-тўрт соатда ҳам қилолмайдиган дарсимни бу ерда бир-бир ярим соатда тугатаман. Ҳар сафар коммуникация, турли дунёқарашдаги инсонлар билан фикр алмашиш танҳо дарс қилгандан кўра фойдалироқ эканлигига ишонч ҳосил қиламан.

* * *

Албатта, иш бор жойда хато-камчиликлар ҳам бўлади. Миллий кутубхона ҳам бундан мустасно эмас. Лекин маънавиятни юксалтирувчи ва  аҳли башариятни тараққиётга етакловчи зиё масканларига тез-тез бориб, ўзи ёқтирган асарларни ўқиган киши асло кам бўлмайди.

Гулшаной АЛИЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси