Фақат плакатда акс этган бепул тиббий хизмат ва дорихонадаги бошбошдоқлик… Андижон поликлиникаларида нималар бўлмоқда?

217

Яқинда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тизимдаги ҳолат 15 йил аввал ғоят ачинарли бўлгани, ҳозирда эса улкан ўзгаришлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди. Тан оламиз, соғлиқни сақлаш соҳасида ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Аммо бу ўзгаришлар вилоятлардаги поликлиникаларга ҳали етиб бормаган. Вазирликнинг бундан хабари борми?

Куни-кеча икки ёшли қизчам стоматитнинг юқумли тури билан оғриб қолди. Зудлик билан Андижон вилоят болалар стоматология поликлиникасига бордик. Поликлиникага кираверишда «Тиббий хизмат – бепул» деган ёзувни кўриб, «Хайрият, ҳалиям бепул хизмат кўрсатилар экан», дея енгил тин олдим. Лекин эрта қувонган эканман: касаллик варақасини очишга 2 минг, бир марта ишлатиладиган тиббиёт қўлқопи учун 2 минг, зарарсизлантирувчи эритма билан томоқни артиб, яна қандайдир эритма суртишга 15 минг, ультрабинафша нури муолажасига 10 минг сўм тўладим. Қизиғи, пул тўланганини тасдиқловчи бирон-бир квитанция беришмади.

Бундан ташқари, эрталаб соат 11 да 35-навбатда туриб (стоматит мавсумий хасталик бўлгани учун шу кунларда поликлиникага келган гўдаклар кўп эди), шифокор қабулига кирдим. Ортимда яна 20 нафарча бемор бор эди. Агар улар ҳам менинг фарзандим сингари муолажа олган бўлсалар, қанча пул сарфланганини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг…

Яна бир ажабланарли ҳолат. Мен шифокор тавсия қилган, поликлиниканинг шундоққина ёнида жойлашган ва эшигига «Арзони бизда» деган ёзув илиб қўйилган дорихонага кириб, «Лордент» эритмаси 60 минг сўмга сотилаётганидан ҳайратга тушдим. Ҳолбуки, бир кун олдин бу дорини 27 минг сўмга харид қилгандим. Ёнимдаги отахон пули камлигини айтиб, арзонроқ нархда сотишни сўраганди, дорихоначи «Иложим йўқ, бугундан бошлаб ушбу дорининг нархи қимматлашди», дейишдан нарига ўтмади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: вазирлик одамлар бошига ташвиш тушганидан фойдаланиб, чўнтакларини қаппайтираётган шифокорларни тартибга чақира оладими? Ёки поликлиникага кираверишдаги «Тиббий хизмат – бепул» деган эслатма хўжакўрсинга ёзиб қўйилганми? Жаноб вазирдан тиббий хизмат борасидаги ушбу саволларга жавоб кутиб қоламиз.

Раънохон УЗОҚБОЕВА
Андижон вилояти
Избоскан тумани