Бошқа жойларни билмадиму, аммо Андижонда қаерга қараманг, “Умра зиёрати”га таклиф этувчи рекламаларга кўзингиз тушади. Авваллари ўзбекнинг уй қуриш, тўй қилиш, машина олиш муаммоси бўлса, энди уларнинг қаторига Умра зиёрати ҳам қўшилди. Албатта, бу яхши. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор-да…
Танишимнинг четда, қурилишда қора ишчи бўлиб, минг бир машаққат билан ишлаётган ўғли пул жўнатди. Ота зиёратга отланди. Ҳолбуки, ўғли мактабда ўқиётган фарзандларига қачон янги китоб-дафтар олиб берганини эслолмайди. Боз устига, коммунал тўловдан анчагина қарздорлиги сафарга отланаётган отанинг хаёлига ҳам келмади.
Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, деганларидек фарзанд зиёратдан қайтган отасига тирноқлаб йиққан жамғармасидан тилла занжир ва “Kaptiva” совға қилди. Ҳамма “Отангга раҳмат, бир ўғил бўлса шунча бўлади-да”, дея алқашди.
Бироқ бир ҳафтадан сўнг машина ҳам, тилла занжир ҳам ғойиб бўлди. Маълум бўлишича, совғалар ижарага олинган экан…
Ҳожиларнинг ўзаро гап-гаштакларида 4-5 хил таомлар билан дастурхон ёзишини-ку гапирмаса ҳам бўлади…
Яқинда Анголада шифокор бўлиб ишлаб қайтган танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Буни қарангки, ўша узоқ Африка қитъасидаги давлатда ҳафтанинг сешанба кунида катта-кичик – у хоҳ депутат, хоҳ оддий ишчи бўлсин, касалхоналардаги беморлар ҳолидан хабар олишни одат қилишган экан. Шу куни арзимас бўлса-да, совға-салом билан хасталарнинг кўнглини кўтаришаркан.
Бизчи… Вақти келса, тўрт эшик наридаги яқинимизни ҳам ҳолидан хабар ололмаймиз. Лекин маҳаллада кимдир Умрадан келса, албатта, йўқлашимиз керак! Вақтида кўришиб қўймасак, у инсонга ҳурматсизлик қилгандек бўламиз-да…
Бу билан зиёратни қораламоқчи эмасмиз. Ҳожиларимиз кўпайсин. Аммо ён-веримиздаги муҳтожларга, талабаларга кўпроқ ёрдам берганимиз яхши эмасмикан? Мактаб ўқувчиларига китоб-дафтар олиб берсак, савоби улуғ-ку!
Ҳисоб-китобларга кўра салкам 40 миллионлик аҳолига йилига чоп этилаётган бадиий китоблар сони 1 миллионга ҳам етмас экан. Америкада ушбу кўрсаткич 300 миллион нафар аҳолига 400 миллионтани ташкил этаркан. Уммон ортидаги давлатда тараққиёт ҳам шунга яраша…
Анваржон ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz
