Ishonch.uz мухбири энг оммабоп адабиётлар билан таништиради
Одатда болаларнинг китоб ўқимаслигига сабаб қилиб, яхши китоблар йўқ, деган баҳоналар ҳам кўрсатилади. Аммо, чиндан шунақами? Ishonch.uz мухбири масалани ўрганиш учун «Аkademnashr» нашриётида бўлди. Янги болалар адабиётлари билан танишди. Маълум бўлдики, бугун бир биридан мазмунли, сифатли адабиётлар кам эмас. Қуйида айни вақтда энг яхши сотилаётган, оммабоп ана шундай адабиётлар рўйхати билан таништирамиз:

«Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат» – кичкинтой китобхонлар аудиториясига мўлжалланган асар, услуби ҳам шунга яраша содда, равон. Ғояси қизиқ, фикрлар мағзи тўқ!
Болаларни эзгуликка ундаб тарбиялаш доим долзарб, лекин методлар сийқаси чиқиб кетган. Ушбу китоб эса бу борада янги қадамлардан бири. Зеро, фарзанд тарбиясида панд-насиҳатни қуруқ сўз билан эмас, бадиий адабиёт тарзида, қизиқарли саргузаштлар фонида етказиш самаралироқ. Китоб дизайни болаларни ўзига жалб этади.

«Галактикада бир кун» китоби янгиланган дизайн билан учинчи нашрдан чиқди. Асар воқеалари коинотда кечади. Қисса қаҳрамони 12 ёшли Аҳмад яратган жуда ноёб фазо кемаси ерлик олимлар қолиб, ўзга сайёраликларнинг эътиборини тортади. Энди у ўзи билмаган ҳолда галактикамиздаги ёвуз кучлар ва яхшиларнинг курашига аралашиб қолади…
Фарзандингиз китобни мутолаа қилар экан, қизиқарли воқеа ва ҳодисалар ичида қаҳрамонлар билан бирга яшайди. Шунингдек, коинот, галактикалар, турли осмон жисмлари ва ҳодисалари ҳақида илмий маълумотлар билан ҳам танишади.

«Мушуклар маликаси Минуш». Бу асарда Минуш хоним мушукдан инсонга айланиб қолади ва шаҳарча рўзномасида мухбир бўлиб ишлайдиган йигитча Тиббе билан йўллари кесишади. Тиббе мушукпарвар, ҳайвонларни хушлайдиган бўлса, Минуш одамларни ёқтирадиган хонаки мушук эди. Минуш мухбир йигитчага шаҳардаги мушукларнинг оғзидан эшитган янгиликларини етказиб, ишини сақлаб қолишда жонига оро киради. Йигитча ва мушукларнинг ҳамкорлиги ҳосиласи ўлароқ газетада шундай шов-шувли мақола ёзиладики, қолганини ўқиганда билиб оласиз.
Мушукларни ички кечинмаларини ўқиш орқали болаларда уларга нисбатан меҳр уйғонади, мушукларга озор бермаслик ҳақида тушунча пайдо бўлади. Айниқса, жонзотларга нисбатан шафқатли бўлиш ҳисси ортади.

«Мен, болам ва пул», «Антиқа физика», «Металлар оламига саёҳат», «Электр олами», «Тасодифий ихтиролар» китоблари ҳамда Динара Мўминованинг «Туғилган кунимга совға», «Ажойиб кактус», «Томчи қаерга кетди?» номли адабиётлари болаларнинг ақлий, ижодий салоҳиятини ошириш, уларни ҳаётга тайёрлаб бориш, илмий қобилиятини кучайтиришда ота-оналарга яхши кўмакдош бўлишига ишонамиз.
Ishonch.uz сайти китобсевар ўқувчиларга сара китобларни тавсия этиб боради.



