Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига вилоят халқ таълими бошқармаси меҳнат шартномасини бекор қилганидан норози бўлган Сожида Жўраевадан мурожаат тушди.
Вилоят кенгашининг меҳнат ҳуқуқ инспектори билан ҳамкорликда ариза ўрганилди. Аниқланишича, С.Жўраева Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасининг 2017 йил 18 декабрдаги буйруғига кўра, Жиззах шаҳридаги 16-мактаб директори вазифасига ишга қабул қилинган. 2022 йил 30 июндаги буйруққа асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Буйруқ Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашининг қарори, ички тартиб-қоидалардан келиб чиққан ҳолда чиқарилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан Сожида Жўраевани ўз лавозимига тиклаш ҳақида киритилган тақдимнома эътиборсиз қолдирилгач, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси йўлланди. Лекин 2022 йилнинг 30 августида суднинг ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилмади.
Вилоят суди ФИБ Апелляция судлов ҳайъати ажримига кўра, даъвогарнинг буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ва моддий-маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси ўзгаришсиз қолдирилди. Жиззах шаҳар прокуратурасининг Сожида Жўраевани ишга тиклаш учун киритган апелляция протести ҳам судда далил сифатида инобатга олинмади.
Шундан сўнг Федерациянинг вилоят кенгаши Кассация шикояти бўйича Олий судга мурожаат қилди. Суд мажлисидаги видеоконференцалоқада важ ва далиллар тақдим этилди. Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов Ҳайъатининг 2023 йил 1 мартдаги одилона ажримига кўра, қуйи судларнинг Ҳал қилув қарорлари бекор қилинди. Даъвогар Сожида Жўраеванинг талаблари қисман қаноатлантирилди. Ишга тикланиб, унинг фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 44 миллион 455 минг 104 сўм ва етказилган маънавий зарар учун 5 миллион 600 минг сўм ундириш белгиланди.
Сардор МЎМИНЖОНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Жиззах вилояти кенгаши бош мутахассиси
