Кимнидир кимгадир яхшилик қилганини эшитсак, дилимизга ёруғлик кириб келади. Ортда қолган ҳафтада кўплаб яхшиликлар ҳақида эшитдим, уни сизларга ҳам илиндим. Зеро, Моҳи рамазон ойида эзгуликларга эҳтиёжимиз бор.
Ширин ҒОФУРОВА, радиобошловчи:
– Уч боласи билан бева қолган, уйсиз аёлнинг синфдошлари унинг ота ҳовлисидан 2 сотих ерни ажратиб, ҳашар йўли билан бевага мўъжаз уй қуриб берди. Бир ўзбек аёли етим қолган болалари билан бировнинг уйида сиғинди бўлишдан қутилди. Ожиза аёл фарзандларимга уй-жой қиламан, деган ташвишдан ҳоли бўлди. Миллатимизнинг учта етим боласи уйли бўлгани мени бениҳоя қувонтирди. Айтмоқчиманки, яхшилар кўп, яхшилик қилгувчилар кўп.
Яхшиларнинг сафи кенгайсин!
Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар, етимни зўрлайдиганлар, қотилликлар ҳакида эшитавериб дийдамиз қотиб кетяпти.
Шунақа нурли яхшиликлар ҳақида кўпроқ бонг урайлик! Бундай яхши хабарлардан кўнгил ёришади!
Меҳр-оқибат кўтарилмаган ҳали.
Яхшилар кўп ҳали….
Камола (исми ўзгартирилган)
– Олий маълумотлиман, ўз соҳамда мактабга ишга кираман, деганимда дадам оғир дардга чалиниб, тўшакка михланди. Уйда ўғил фарзанд йўқ, рўзғорнинг барча ташвиши менинг елкамга тушди.
Пойтахтга келиб, «Чорсу» бозорида болалар кийимини сота бошладим. Топган даромадим рўзғорни тебратишга етиб турди. Турмушга чиқадиган пайтим ўтиб кетаётган бўлса-да ўзимни ўйламадим. Сингилларимни бирин-кетин узатдим.
40 ёшимда ҳалол инсонга турмушга чиқдим. Фарзандли бўлдик. Табиийки чақалоқ парвариши билан уйда қолдим. Рўзғорнинг барча юки турмуш ўртоғимнинг зиммасида эди. Аммо турмуш ўртоғим таъмирлаш ишларини бажараётган вақтда нарвондан йиқилиб тушиб, оёқларини синдириб олди. Бир ҳафтадаёқ рўзғорнинг ками билинди.
Қўлимдаги чақалоқ билан яна савдога чиқдим. Қийналардим, аммо бошимга шундай синов келибди, ундан ёруғ юз билан ўтишим керак, дердим. Бир кун ўғлимни ўйнатиб ўтирсам, олдимга эр-хотин келди. Мендан ҳол-аҳвол сўрашгач, «Сизнинг оилангизни закот учун тавсия қилишди. Бугун уйингизга бироз бозор-ўчарлик қилиб борсак майлими», деб сўради. Очиғи, нима дейишни билмадим. Кўз олдимга дарҳол тўшакда ётган турмуш ўртоғим келди. Ғурури синмасмикан, деб ўйладим.
«Опа, ўзим эплаб турибман, раҳмат» деб жавоб қайтардим. Болангиз билан қийналаётганингиз аён-ку, йўқ деманг, деб уй манзилимни олишди.
Ифторликка яқин уйга келиб, бор масаллиқлардан таом тайёрладим. Турмуш ўртоғимга бўлган воқеа ҳақида индамадим. Таомим ҳали тайёр бўлмасидан эшик тақиллади. Ишониб-ишонмай эшикни очсам, остонада эр-хотин бозор сумкалар билан туришибди.
Уйга таклиф қилдим. Касаллик туфайли одамови бўлиб қолган турмуш ўртоғим кутилмаган меҳмонларнинг ташрифидан кайфияти кўтарилди. Камтарона дастурхонга бормизни қўйдим. Ифторликдан сўнг, эр-хотин бизни дуо қилинглар, бизни ҳам кўпдан бери ечилмаётган мушкулимиз бор, дея анчагина пул беришди. Бутунлай бегона инсоннинг эҳсони ҳаётимизга анча енгиллик берди.
Бир сўз билан айтганда ечилиши қийин бўлиб кўринган муаммоларимизга ғойибдан барҳам берилди. Биз учун бегона бўлган, ҳатто кимлигини ҳам маълум қилмаган эр-хотин учун доим дуодаман.
Туркиядаги ўзбек муҳожирининг ҳикояси
Фарзандларимизни оёққа қўядиган пайт турмуш ўртоғим ичкиликка берилиб кетди. Ўқишга кирган қизимнинг шартнома пули, бу ёқда яна ейман-ичаман, деб турган бошқа фарзандларим ҳам бор эди. Қизим ўқишни тугатди ҳамки, дадасига инсоф кирмади. Совчилар кела бошлаганда қўлим калталиги янада билинди. Тўй қиладиган, қиз чиқарадиган аҳволда эмасдим. Ишлагани Туркияга келдим.
Мен парвариш қиладиган кампир кечаси билан ухламас эди. Икки йил давомида яхши ухламаслик, кундузлари иштаҳа бўлмаслигининг ҳисобига соғлигим тобора ёмонлашиб борганини сездим. Болаларим тинимсиз «Ая келинг ўзимиз ишлаб камчиликларни секин-секин тўғирлаймиз», деб қўнғироқ қила бошлашди. Кейинги ойга Ўзбекистонга чипта оламан, деган пайтимда соғлигимдаги кескин ўзгариш мени шифохонага ётишга мажбур қилди.
Гемоглабинимнинг 40 кўрсатгичи мени ёшимда ўта хавфли экан. Шу боис қон қуйишларига тўғри келди. Ҳатто кўзимни очишга ҳам ҳолим йўқ эди. Мен парвариш қиладиган аёлнинг қизи шифохонанинг барча харажатини тўлади. Мана шу кунларда ҳаёлимдан нелар ўтди, деб ўйлайсиз? Яратганга шукр этдим. Ер юзининг қайси нуқтасида бўлса ҳам яхши инсонларини сочиб қўйганидан Ўзига ҳамд этдим. Яхшилик миллат ва элат танламаслигига амин бўлдим. Мусофир юртда бегона аёлнинг ёрдами билан анча соғайиб юртимга қайтдим.
Оиладаги муаммолар фарзандларимнинг меҳнати билан секин-секин ўз изига туша бошлади. Қизимни узатдим, ўғлимни уйлантирдим. Кетма-кет неваралар кўрдим. Кенжа ўғлим олий ўқув юртида ўқимоқда.
Ҳаётим давомида яхши инсонларга кўп дуч келдим. Илоҳим, уларнинг сафи янада кенгаяверсин!
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz



