Шерали Жўраев: «ЎЗИМДАН ЎТГАНЛАРИНИ ЎЗИМ БИЛАМАН»

259

Ўзбекистон Халқ артисти  билан тарихий суҳбат

Ishonch.uz Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати Шерали Жўраев ва журналист Меҳринсо Қурбонова суҳбатини ҳавола қилади.

– Шерали ака, Нажмиддин Куброда “Кўрдимки, энг яхши дўст илм экан”, деган гап бор. Бугун санъат илми ҳақида гаплашсак. Ўтган галги суҳбатларимизда ахлоқсиз қўшиқлар ҳақида ҳам суҳбатлашгандик. Ахлоқсиз қўшиқларнинг одамга маънавий жиҳатдан зарар етказиши ҳақида Абдулла Қаҳҳор “Ёшлар билан суҳбат” китобида алоҳида таъкидлаган эди. Орадан шунча йиллар ўтиб ҳамки, қўшиқчилигимиздаги муаммолар ҳақидаги баҳс-у мунозаралар тугамаяпти.

– Грипп касалига йўлиққан бемор битта ўзини эмас, эҳтиёт бўлмаса, атрофидагиларини ҳам касал қилади. Бора-бора ҳамма тузалиши мумкин. Баъзида катта ёшдагилар тузалиб, болаларда эса касалликнинг асоратлари қолиши табиий ҳол. Санъатда ҳам шундай. Сиз айтган ахлоқсиз қўшиқларни, илм билан айтилмаган қўшиқларни кўпчилик санъат, деб қабул қилади. Ёш болага иссиқ ёниб турган печкани кўрсатиб бу қўлингни куйдиради, торт, денг-чи, қулоқ солармикан? Афсуски, бола буни тушунмайди ва иссиқ печкани ушлайди. Куйгани йиллар ўтгач билинади. Куйганида эса қирқ ёшни уриб қўйган бўлади. Чет элларда бўлганимда ишлагани ёки ўқигани кетган йигитлар “Сизни энди тушундик. Бошқа ашулалар қонимизни мазза қилдирмаяпти. Қўшиқларингизни эшитиб қон юриши нормаллашди” дейишади. Улар шу чоққача нималарни эшитишмади дейсиз, неча марталаб “маза”лари қочди, неча йиллар керак бўлди “маза”нинг таъмини тотиш учун. Ҳаёт фақат ўйиндан иборат эмас. Ўйин дискотекада бўлиши мумкин. Ўйнаб чиқиб кўчага чиқандан кейин ҳаёт бошқача-да. Йўқ, ҳаёт дегани бу эмас, ҳаёт дегани бошқа нарса, деб болаларимизга ўргатиб, тушунтириб боришимиз керак. Илгари ашулаларни айтмасдан олдин маъниси тушунтириларди. Бугун ундай эмас. Ҳамма хоҳлаган гапини куйга солиб айтиб ётибди. Мен янги чиққан хонандаларни эшитаяпман, аммо эшитолмайман.

– Қўшиқ айтмай қўйган пайтларингиз кўп бўлганми?

– Бўлган. Лекин бир марта қарийб бир йилга чўзилган. Айтолмай қолдим-да, нима дейсиз энди. Кунларнинг бирида уйимнинг иккинчи қаватида ётибман. Ишкомдаги узумнинг барги мени уйғотаяпти. Барг қайрилди ва иккинчи томонида чиройли аёлнинг суврати кўринди. Ўрнимдан туриб телеканаллардан бирини бурадим. “Ҳиндистон” канали кўрсатаётган экан. Унда Озарбайжоннинг “Сегоҳ” мақоми ҳиндча янграяпти. Демак, “Сегоҳ” Ҳиндистонда ҳам чалинар экан. Воҳ-ҳ, шуни эшитиб мазза қилдим. Дарров хаёлимга “Эй гул, ёноғингни яширма мендан” деган сатрлар келди ва шу ерда янги қўшиқ туғилди. Узоқ вақт қўшиқ айтмай қўйганимнинг сабабини сўрадингиз. Бу ерда бошқа гап ҳам бор. Дунёда одамзод кўрмайдиган жуда кўп нарсалар бор бу дунёда. Қанчадан қанча ёндош оламлар кузатиб тургандир бизларни. Сиз билан биз кўрмаймиз буларни. Кўп нарсаларни биламизу, лекин билмаганликка олиб қўямиз. Уларнинг ичида ўзига яраша ёмон ҳаракат кўрсатаётганлари ҳам бор. Сизга иложи борича ёмонлик қилишга ҳаракат қилаётганлари бор. Ҳатто суратингни олиб, нина санчаётганлари-да бор, лўлиларга бориб куф-суф қилдирадиганлар, қўлидан келган ёмонликларини қиладиганлар бор. Ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни ётқизиб, олти ойлаб уйидан чиқармай қўйган ёвуз кучлар бор. Аммо Эгам ҳаммасини кўриб билиб турибди. Ҳар бир одам қилган қилган ёмонлиги учун ўз жазосини олиб келган ва олади.

– Мухлисингизнинг айтишича, 33-35 ёшингизда концерт қўйган экансиз ва русийзабонлар учун “Мама” номли рус тилидаги қўшиғингизни куйлаган экансиз. Ўшанда рус аёли қаттиқ таъсирланиб, йиғлаган ва “унинг қўшиқлари илоҳиёт билан боғлиқ”, деган экан. Нега яна бошқа тилларда қўшиқлар куйламадингиз?

– Куйласам бўларди. Институтда қўшиқлар айтиб анча танилиб қолгандим. Операчиликда иқтидорим борлигини билишиб, мени Италияга олиб кетмоқчи бўлиб одамлар келган. Икки ўт орасида қолдим. ”Опера қонимда бўлмаса, боболаримнинг ҳам қонида йўқ, опера зўр санъат, ўзим ҳам яхши кўраман, лекин опера бошқа дунёнинг санъати. Мен халқ йўлида ашула айтадиган одам бўлсам. Тўғри, театрда опера қўшиқлари айтиб танилиб кетишим мумкин. Қайтиб келганимдан кейин шинавандаларим мени қабул қиладими-йўқми? Уларнинг олдида ким деган одам бўламан?” деб менга қарсак чалаётган, қўшиқларимни эшитаётган шинавандаларимни кўзим қиймай Италияга бормаганман. Бошқа тилларда куйлаш жуда осон. Бошқа тилларда қўшиқ куйлашдан осони йўқ. Озарбайжон, қирғиз, тожик тилларида қўшиқлар куйлаганман. У пайтларда бизда тил ўрганишга, чет тилларга бориб қўшиқ куйлашга имконият қайда дейсиз? Англия, Америка ва бошқа чет давлатларга чиқиш етти ухлаб тушимизга кирмасди. Бугун мустақиллигимиз туфайли санъаткорлар учун барча имкониятлар яратилган. Хоҳлаган тилида қўшиқ куйлаши ва чет элларга бориб қўшиқ куйлаши мумкин. Болаларимга ҳам тил ўрганинглар, имкониятларимиздан фойдаланинглар, дейман. Тил ўрганмаганлигим ичимдаги энг катта армоним.
Билишдан сира уялмаслик керак.

– Шерали ака, билсак бўладими, нега ўтган кунлар ёдингизга тушиб куйлаганингизда дийдангиз тўлиб йиғлай бошлайсиз, бошқаларни ҳам йиғлатасиз. Нималар сизни йиғлатади?

– Қўшиқ куйлаётганимда уларда бўлиб ўтаётган воқеаларнинг, кечинмаларнинг руҳиятини ҳис қилмасам, мени таъсирлантирмаса, шу қўшиқни куйламайман. Кечинмаларимни ўзим кўрмасам айтолмайман. Воқеалар кинофильм ленталаридек бирма-бир кўз ўнгимдан ўтади. Ўшанда дийдам тўлиб, кўзларимга ёш тўлиб келади.

Ҳар бир нарсани қўшиқ қилиб айтишдан эҳтиёт бўлиш керак. Шоир ўзининг бошидан ўтказган дардини ёзади, қўшиқ қилиб куйлаш мумкин бўлган жойлари бор, мумкин бўлмаган жойлари ҳам бор. Шеърни бир ўқиганда одамга ёқадиган томонлари бўлиши мумкин. Лекин бундай шеърлар ёзган одамини ҳам, куйлаган одамини ҳам жарга қулатади. Бу битта одамнинг дарди, кўпчиликники эмас. Уни айтсангиз ичидаги “аура”си вужудингизга ёпишиб қолади ва шу воқеа содир бўлмасдан қолмайди. Чунки ўзимнинг бошимдан ўтказганман ва эҳтиёт бўламан, ҳар бир жумлани ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўраман, етти ўлчаб бир кесаман. Шогирдларимга ҳам бу ҳақда кўп айтганман. Шеър битган, қўшиқ куйлаган одам яхши ният билан ижод қилиши керак.

Эртага нима бўлади, дердим, санъаткор ўзининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати билан энг аввало, болаларига ўрнак бўлиши керак. Ота ароқ ичса, сигарет чекса, ножўя йўлларга юрса, болалар ҳам отага тақлид қилади. Болаларим бир пайтлар менга ўхшаб, мўйлаб қўйиб оларди. Уларга қараб ҳайрон бўлардим. Ёшлигимда кўча-кўйда бирон ортиқча хатти–ҳаракат қилиш ҳақида ўйламасдим ҳам. Тарбиямиз шундай бўлган. Ичимдан эзилиб кетсам ҳам ёмон ишни қилмасдим. Эртага нима бўлади, дердим. Ёмон хислатларимиз болаларимизга юқиб қолмаслиги керак. Мен ўзимни зўр одам, деб ҳисобламаганман. Ўзимдаги етишмовчиликларни улар такрорлашини хоҳламайман.

– Шерали ака, «Ўзбегим», «Ўзбекистон – Ватаним маним», «Инсон ўзинг» номли қўшиқларингизда мардонаворлик, улуғлик бор, Ватаннинг бир парчаси бор. Концертларда, йиғинларда одамлар сизга жўровоз бўлиб куйлашган. Чет элнинг энг машҳур хонандалари ҳам юрт, Ватан ҳақидаги қўшиқларни айтиб одамларни ортидан эргаштира олган. Ватан ҳақида айтмоқчи бўлган янги қўшиқларингиз борми? Кейинги саволим: ўзингиз айтишга улгурган ва улгурмаган қайси мавзуларни ўғилларингизга мерос қилиб қолдирмоқчисиз?

– Ўйлаб кўрсам, биз мавзу қидириб кирмаган кўча қолмаган экан. Қидирса мавзу жуда кўп. Ўзбекнинг мақоми ҳали очилмаган қўриқ. Биз ўзимиз билмаган жойлари эҳе, қанчадан-қанча… Ўғилларимга “Шошмақом”ни чуқур ўрганинглар, ортинглардаги “багаж” тўлиб бораверади”, деб уқтираман. Эшитмаса бўлмайди. Эрон, Ҳиндистон, Европа мусиқаларини эшитинг, улар ҳам керак, лекин биринчи навбатда ўзимизнинг мақомларни эшитиш керак. Ҳозирги кунда айтилаётган қўшиқлар ҳаммага ҳам ёқиши мумкин, бир соатга ёки уч кунга, ана боринг, уч ойгача ёқиши мумкин. Бора-бора уни эшитмай қўясиз, жонга тегади. Сабаби, бу нарса қонимизда йўқ, сингимай тураверади. Енгил-елпи қўшиқларни айтаётганлар ўқимаган, китоб титкиламаган, машаққатларнинг, азобларнинг катта қозонида қайнамаган. Мен ўғилларимга мавзуни ўзлари қидиришларини, ўзлари ахтариб топишларини ҳамиша айтиб келганман. Биринчи саволингизга жавобим — Ватаним, юртим ҳақидаги қўшиқларни умримнинг охиригача, танда жоним қолгунича куйлаб ўтаман.

– Конфуцийнинг «Ҳеч ким сенга дўст эмас, душман ҳам эмас, лекин ҳар бир инсон сен учун улуғ устоздир» деган экан. Шу ҳикматли сўзларга муносабатингизни билмоқчи эдик.

– Ҳақиқатан, ҳаёт йўлингда учраган яхшими-ёмонми, одамларнинг ҳар бири биз учун устоз. Улар сизни эҳтиёт бўлишга, огоҳ бўлишга ўргатади. Менга бир воқеани эслатдингиз. Ёнимда юриб менга ёмонлик қилмоқчи бўлган «устоз»ларим бўлган. Ёшлигимда филармонияда ишлаб юрган кезларимда бошқалар 27 та концерт қўйишса, мен бир ойда 45 та концерт қўярдим. 27 та концерт қўйганлар 220 сўм маош олишса, мен 45 та концерт қўйиб 150 сўм маош олардим. Дам олиш деган нарсанинг ўзи йўқ. Тиним билмай концерт қўярдик. Лекин маош ўша-ўша. Ўша йили «Совет Ўзбекистони» газетасида санъаткорлар ҳақида фельетон чиққан. Ўшаларнинг ичига мен ҳам кириб қолганман. Мени фалон идорага чақиришган, қабулхонада бир рус кишиси ўтирган экан. Шеърларимни унинг олдида нотўғри таржима қилишиб, роса обориб олиб келишган. “Мен нима қилдим, гуноҳим нима, ҳеч қандай ғализ қўшиқ айтганим йўқ” десам-да, хатом нимадан иборат эканлигини айтиб беришмаган. Уларнинг бошида мен устоз деб биладиган ёши улуғ инсон ҳам турган. Хато топиша олмаганларидан кейин ўша киши “Сен нега бизнинг олдимизга келмай, ғуддайиб бир четда турасан?” деб дўқ қилишгача борган. Кўрдингизми? Мана менинг айбим! Мана, менинг хатоим! Отам бизга катталарнинг олдига ҳадеб чопиб бораверма, қўл қовуштириб бир четда тур, деб тарбия берганлар. Шунинг учун ҳам ўғилларимга ўзингдан катталар билан дарҳол қўшқўллаб кўриш, деб ўргатиб қўйганман. Бизни ёмон кўрадиганлар бор. Нима учун ёмон кўришларини билмайман. Ўшаларга ҳам ҳамиша инсоф берсин, уларга ҳам яхшиликларни тилайман. Негадир ўзларини солиштириб аччиғи келадиганлар бор. Бу тақдир илоҳий. Ҳар бир бандасини шундай яратди ва шундай йўлларга солиб қўйди. Уни кўрдик, буни кўрдик. Ҳаммасини кўриб энди бир тарозига ҳам солиб кўр, деди. Тарозига солинса, хатоларимиз жудаям кўп. Хатоларим кўриниб қолмасин, деб кўчага ҳам кам чиқаман (кулади). Энг муҳим нарсани унутмаслигимиз керак. Юртимизга ҳамиша файз-у барака сўрашимиз, ундан кейин ўзимизга сўрашимиз керак. Шуни сўрасак, ҳаммаси жойида бўлади.

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.
Манба: muzaffar.uz