Қимматга тушаётган “ура-урачилик”: фермерлар нега боши берк кўчада қолдириляпти?

90

Кейинги пайтларда Пайариқ туманида 287 гектар майдонда томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилди. Улар дастлаб 13 та фермер хўжалиги далаларида синовдан ўтказилди. Аммо натижаси кутилганидек бўлмади. Нега?

Аввалги мавсумларда рўй берган сув тақчиллигидан «Асадбек Эш» фермер хўжалиги энг кўп жабр кўрганди. Шу боис 950 миллион сўмлик харажат (250 миллион сўми субсидия) эвазига унга қарашли 38 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш услуби жорий этилди.

– Янгиликка қўл урганимизда бу технология камида уч йил самара бериши, ҳосилдорлик 45 центнергача кўтарилиши айтилганди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Шернаев. – Аммо бутун бошли тузилма бир йилга зўрға чидаб берди. Насослар ҳам, елим шланглар ҳам ишдан чиқди. Самарадорлик кутилганидек бўлмади. Тўғриси, ҳосилни аранг сақлаб қолдик. Айни пайтда экинларни эски анъанавий усулда суғораяпмиз. Фойдамиз кредит ва банк фоизини тўлашга кетаяпти.

Тумандаги фермер хўжалиги раҳбарларининг кўпчилиги билан учрашиб, жорий этилган янги технологиялар ҳақида суҳбатлашдик. Ажабланарлиси, уларнинг бирортасидан ижобий жавоб эшитмадик.

– 300 миллион сўмлик банк кредити эвазига 10 гектарлик пахтазорга томчилатиб суғориш ускунасини ўрнатдик, – деди исмини очиқлашимизни истамаган фермер. – Бироқ ғўзаларимиз икки қарич бўлганида ўсишдан қолиб, қотиб қола бошлади. Зудлик билан шлангларни йиғиштириб, эгат оралатиб сув тарадик. Шу тариқа ҳосилни асраб қолдик. Бошида қоп-қоп ваъдалар бериб, ускуналарни мақтаган фирмалар масъуллари ишни битириб, пулни олгач, кўздан ғойиб бўлишди. Аслида улар бир йил давомида ушбу йўналиш бўйича бизга сабоқ беришлари шарт эди.

Хўш, бу борада соҳа мутахассисларининг фикрлари қандай?

Долзарб саволга аниқ жавоб олиш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигининг Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Пайариқ тумани ирригация бўлимида бўлдик.

– Томчилатиб суғориш тизими дунё амалиётида ҳам, мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида ҳам ўзини оқлаб келмоқда, – дейди бўлим бошлиғи Маҳмуд Ибрагимов. – Борди-ю, ундан тўғри фойдаланилмаса, тайинли натижа бермайди. Бунинг учун, энг аввало, тупроқ таркиби чуқур таҳлил қилиниши лозим. Иккинчидан, бу амалиётни қўлловчи фермер олим-агроном даражасидаги билим ва тажрибага эга бўлиши керак.

Биздаги фермерларнинг аксарияти эса бундай тажрибадан мутлақо бехабар. Туман бўйича янги технология ҳақида етарли билим ва малакага эга бўлган ақалли битта мутахассисни топиш ҳам амримаҳол. Ваҳоланки, ҳар бир фермерга ана шундай технолог зарур.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу йил туманда 1400 гектар ерда ёмғирлатиб, 300 гектар ерда пульсар суғориш тизими амалиётга татбиқ этилиши керак. Лекин, бизнинг назаримизда, ҳозирча фермерлар бунга тайёр эмас. Модомики шундай экан, «ура-урачилик»ка кўп ҳам берилмай, чуқурроқ ўйлаб кўриш тўғри бўлмасмикан?
Бизни масаланинг ана шу жиҳати чуқур ўйга толдирди.

Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH» газетасининг бугунги сонидан.