Журналистлар учун автомобиль ва ошган пул мукофотлари – «Олтин қалам – 2023»

82

Биринчи маротаба журналист маҳорати учун миллий танловда енгил автомобиль мукофотга қўйилмоқда.

Рағбатлантирувчи номинацияларнинг пул мукофоти икки баробарга ошгани ростми?

“Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловига ҳужжат қабул қилиш ниҳоясига етди. Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимовнинг таъкидлашича, бу галги танловнинг шукуҳи ўзгача бўлиши кутилмоқда.

Сабаби “Олтин қалам” тарихида олий бош мукофотга илк маротаба енгил автомобиль қўйилмоқда. Бу танловнинг нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат. Телевидение, радио, босма ва интернет журналистикаси бўйича асосий ғолибларга эса 1-, 2- ва 3- ўринлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200, 175 ва 150 баробари миқдорида пул маблағлари ажратилган.

Бундан ташқари, 12 та рағбатлантирувчи номинация ҳам бўлиб, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари миқдорида, яъни 30 миллион сўмдан тақдим этилади. Танловда, шунингдек, чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун (босма ОАВ, ТВ, радио, интернет – битта биринчи ўрин, 4 та иккинчи ўрин) йўналишида ва “Энг фаол теле ва радио бошловчи”, “2022 йилда чоп этилган публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Энг яхши фоторепортаж учун”, “Экологик муаммолар кенг ёритилган материаллар учун” каби номинация ғолиблари ҳам аниқланади. Олдинги танловларда рағбатлантирувчи номинацияларга “Олтин қалам” статуэткаси берилмаган бўлса, бу йил уларга ҳам рамзий ҳайкалча тақдим этилиши кутилмоқда.

Хуллас, май ойининг илк кунларида ўзбек медиаси учун шов-шувли ва ҳаяжонли тадбир бўлиб ўтадиган кўринади. Биз эса жараёнларни кузатамиз.