1 майдан жарималарни 50 фоиз чегирма билан тўлаш мумкин бўлади

42

Кеча, 18 апрель куни қабул қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратишни назарда тутувчи, ўзгартиш киритилди.

Кодекснинг 332-1-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, энди ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
– Кодекснинг 131, 132, 136 ва 140-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда;
– жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилганда;
– худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилганда.

Қонун 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга киради.