Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, Дўстлик туманидаги Манас-14 йўл-патруль хизмати масканида олиб борилган навбатдаги назорат тадбирида “Nexia” русумли автомашина тўхтатиб кўздан кечирилганда, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги автомашина юкхонасида 315 кг. Истеъмолга яроқсиз гўшт борлиги аниқланди.
Ҳайдовчининг таъкидлашича, гўштни пойтахтга сотиш учун олиб кетаётган бўлган.
Шунингдек, Сангзор-15 йўл-патруль хизмати масканида Шароф Рашидов тумани «Яхтанлик» маҳалласида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашина тўхтатилган.
Текширув чоғида Бахмал туманидан Жиззах шаҳри томон ҳаракатланаётган автоуловда ҳайдовчи маҳалладошига тегишли 100 кг. истеъмолга яроқсиз гўштни сотиш учун олиб кетаётгани аниқланди.
Ташиш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмаган ҳар икки ҳолатда ҳам маҳсулот сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмаган. Лаборатория текширувлари натижасига кўра, ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, тегишли тартибда йўқ қилинди.
Муқимбой Исмоилов,
ishonch.uz
