Бетонланган дарахтларга “озодлик”

51

Табиат ресурслари вазирлиги “Дарахтларни асранг” шиори остида экоация ўтказмоқда.

Хайрли тадбирнинг дастлабки манзили – Олмазор тумани бўлди.

Акция доирасида бетонланган ва асфальтланган дарахтлар қутқарилмоқда, дарахтлардаги реклама баннерлари ва ёруғлик берувчи пластик буюмлар олиб ташланмоқда. Шунингдек, тадбир давомида дарахт ва гул кўчатлари экиш ишлари ҳам олиб бориляпти.

– Дарахтлар шаҳарнинг ўпкаси. Айримлар эса мана шу ўпкани йўқотиб ташлаяпти. Дарахтлар кислород чиқармаяпти ҳам, улар жонини сақлаш билан банд, – дейди вазир А.Абдуҳакимов. – Шаҳримизда кўплаб дарахтларнинг бетон ёки сунъий қопламалар билан ўралганини кўриш мумкин. Бу дарахтларнинг илдизларига ҳаво киришини камайтиради, нобуд бўлиш хавфини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, тунги ёруғлик мосламаларини ўрнатиш орқали дарахтларга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу уларнинг табиий ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аҳолидан мурожаатлар йиғилиб, дарахтларнинг табиий ўсиши жараёнига халақит бераётган муаммолар ободонлаштириш бўлимлари ва фаоллар билан биргаликда бартараф этилади.

Маълумотга кўра, вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан 11 та йирик йўл четида мониторинг ишлари олиб борилганда 250 турдаги манзарали ва мевали дарахтларнинг пойдевори бетонлангани аниқланган. Экоакция доирасида бу муаммо ҳал этилади. Акция республикамизнинг барча ҳудудларида давом этади.

Гулрухбегим Одашбоева
ishonch.uz