ЧИҚИНДИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ КЕРАК… акс ҳолда табиатни асраб қололмаймиз!

3663

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб чиқинди ишлаб чиқариш ҳажми кескин ортиб бормоқда. Хусусан, аҳолининг тез ўсиши ва урбанизация таъсирида 2050 йилда чиқиндиларнинг 2020 йилга нисбатан 73 фоизга, яъни 3,88 миллиард тоннагача ортиши тахмин қилинмоқда.

Дунёда ҳар бир инсонга йилига ўртача 20 тонна хомашё сарфланиб, унинг 97 фоизи чиқиндига чиқарилар экан. Бу маҳсулотларнинг хизмат муддати қисқараётгани, унинг ўзидан ўрамига кўпроқ эътибор қаратилаётгани, бир марталик буюмлардан кенг фойдаланилаётгани билан боғлиқ. Шу боис ҳам чиқинди саралаш ва қайта ишлаш, унинг табиатга, инсониятга зиёнини камайтириш ХХI асрнинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди.
Мамлакатимизда ҳам чиқиндининг табиатга зиёнини камайтириш борасида эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўп. Айни пайтда бу борада тизимли ишлар олиб бориляпти. Чунончи, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 6 апрелида табиатни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, чиқинди муаммоси Хоразм вилоятига ҳам бегона эмас. Қолаверса, чиқиндини қайта ишлашда Япония даражасига эришиш учун ҳали кўп қовун пишиғи борга ўхшайди. Вилоятда санитар тозалаш хизматлари “Тоза ҳудуд” ДУК, “Урганч авто эко транс” МЧЖ, “Хоразм газ пайвандчи” МЧЖ ҳамда “Эко кластер” МЧЖ томонидан олиб борилади. Вилоят табиат ресурслари бошқармаси маълумотига кўра, 531 маҳалланинг барчаси санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олинган.

Вилоят ҳудудида 10 та қаттиқ маиший чиқиндилар тўплаш ва утилизация қилиш полигонлари жойлашган бўлиб, умумий майдони 62,2 гектарни ташкил қилади.
Биз узоқ йиллар вилоят экология қўмитасига раҳбарлик қилган, ҳозирда Ўзбекистон экология партияси Хоразм вилоят кенгашида фаолият юритаётган Бахтиёр Қаландаровнинг чиқинди саралаш ва қайташ ишлаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан қизиқдик.

– Тараққиёт билан унинг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳам кучайиб боряпти. Афсуски, маиший чиқиндиларнинг охирги манзили табиат бўлиб қоляпти. Биргина полиэтилен пакетлар, баклажкаларни олайлик. Улар ҳатто инсон яшамайдиган ҳудудларда ҳам пайдо бўляпти. Бу – глобал муаммо. Инсон бор экан, чиқинди ҳам бўлади. Демак, унинг оқибатларини бартараф қилиш борасида ўйлашимиз керак, – дейди Қаландаров.

Бир марталик пакетлардан воз кечиш керак

Табиатга зиён етказаётган маиший чиқиндилар орасида полиэтилен пакетларнинг улуши катта.
Ҳар йили 100 мингдан ортиқ қуш полиэтиленни ейиши ёки пакетга тиқилиб қолиши оқибатида нобуд бўлади. Мутахассислар бундай пакетлар парчаланиши учун 100-500 йил вақт кераклигини таъкидлайдилар. Полиэтиленларни ёқиш ҳам хавфли. Бу ҳавонинг ифлосланишига, озон қатламининг емирилишига сабаб бўлади.
Дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатида полиэтилен пакетлардан фойдаланишда тақиқ ва чекловлар жорий қилинган.
– Бизда ҳам полиэтилен пакетлардан воз кечиш пайти келди, – дейди Бахтиёр Қаландаров. – Ёшлигимизда тўр сумкалар бўларди. Уларни олиб юриш қулай, ичига кўп нарса сиғади. Бир неча марта ишлатиш мумкин. Шундай сумкаларга қайтиш керак. Ёки бўлмаса, бўздан ҳам чиройли ва бақувват, безиён сумкалар ишлаб чиқариш мумкин.


Шишани қайта ишлатиш мумкинми?

Мутахассисларнинг фикрича, улар энг узоқ муддат – бир миллион йилда парчаланар экан. Шиша идиш узоқ муддат сифатини йўқотмайди, уни кўп бора ишлатиш мумкин. Бундан ташқари, шишани дастлабки материалдан ишлаб чиқаришда атроф-муҳит химикатлар билан кучли даражада ифлосланар, бу жараён катта энергия ҳам талаб қиларкан.
– Илгарилари ишлаб чиқарувчилар турли ичимликлардан бўшаган идишларни қайтариб оларди. Ҳозир бундай ичимликларнинг туридан шишаси кўп, – дейди Б.Қаландаров. – Шиша идишларни қайта ишлаш жараёнида 50 фоизгача маҳсулот сақлаб қолинади. Ишлатиладиган сув ҳажми икки баробар, энергия уч баробар ва ҳавонинг ифлосланиши 20 фоизга қисқаради.


Табиий чиқиндиларни нима қилиш мумкин?

Маиший, қурилиш чиқиндиларидан ташқари табиий чиқиндилар, яъни озиқ-овқат қолдиқлари ҳам табиатга зиён етказмоқда.
– Илгарилари озиқ-овқат қолдиқлари чиқитга чиқарилмаган. Томорқаларнинг бир четида ўра қазилиб, кўмилган. Кейинчалик эса улардан гўнг сифатида тупроқ унумдорлигини ошириш учун фойдаланилган. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этган, – дейди мутахассис.
Мамлакатимизда эса ҳар йили 3 миллион тонна атрофида озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлади. Ушбу чиқиндининг ҳар бир килограмми йилига ўртача 2,5 килограмм ис гази ажратади. 3 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндиси утилизация қилинмаса, атмосферага 7,5 миллион тонна иссиқхона гази чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Озиқ-овқат чиқиндилари тўлиқ биоэтанол (E100) ёки биодизел (B100)га айлантирилса, 1,11 миллиард литр биоэтанол ва 1,02 миллиард литр биодезель ёнилғисини ишлаб чиқариш мумкин бўлар экан.
Оҳангарондаги эски полигонда чиқиндидан 15 мегаватт электр энергияси олиш лойиҳаси бошланган. Давлатимиз раҳбари 6 апрель куни бўлиб ўтган табиатни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимотида бу тажрибани кенгайтириб, бошқа полигонларда ҳам чиқиндини қайта ишлаш ва муқобил энергия олишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаган эди.

– Албатта, бу тажрибани Хоразм вилоятида ҳам йўлга қўйиш имконияти бор, – дейди Бахтиёр Қаландаров. – Ҳар бир чиқинди полигонида мини қайта ишлаш цехларини ташкил қилиш керак. Чунки катта ҳажмдаги заводларни қуриш ўзини қопламайди. Цехларда биогомус ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш мумкин. Бу чиқиндихоналар ҳудудининг қисқаришига, атрофга келтираётган зарарининг камайишига хизмат қилади. Ҳозирги чиқиндихоналар 5-10 гектар ҳудудни эгаллайди. Чиқиндихоналар ҳудуди қисқарса, қишлоқ хўжалигига жалб қилинади.
“Вилоятнинг Урганч тумани “Чўлобод” маҳалласида “Урганч авто эко транс” МЧЖга қарашли полигонда чиқиндидан электр энергияси олиш бўйича чет эл давлатлари вакиллари билан музокаралар олиб борилмоқда” дейилади Хоразм вилояти табиат ресурслари бошқармаси маълумотида.
Ўтган ойда таҳририятимиз томонидан ушбу МЧЖ фаолияти таҳлил қилинган эди. Тадбиркор чиқиндини қайта ишлашда қатор муаммоларга дуч келаётганини айтганди. Ушбу муаммолар ҳали ҳам ечим топмаган. Уларни ҳал қилмасдан туриб, янги лойиҳанинг муваффақиятидан умидвор бўлиш хомхаёлдир.

Режалар қандай?
Хоразм вилояти табиат ресурслари бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоят ҳудудида чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 20 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, улар полиэтилен, пластмасса, қоғоз, шиша ва қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаб, гранула, бетон-ғишт, қоғоз ва пластмасса (челак, тоғора) маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам тўла қувват билан ишлаяпти, деб бўлмайди. Акс ҳолда, чиқиндини қайта ишлаш даражаси Андижон, Бухоро вилоятларида 43 – 45 фоизни ташкил қилган бир пайтда, Хоразмда бор-йўғи 10 фоиз атрофида бўлмас эди.

Табиат ресурслари бошқармасига кўра, давлат-хусусий шерикчилик асосида санитар тозалаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан инвестиция мажбуриятларини бажариш учун саралаш линиялари ва қайта ишлаш ускуналари олиб келиш эвазига муаммони ҳал қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2023-2025 йилларда вилоятнинг 4 та ҳудудида тиббиёт чиқинди йиғиш майдончасини қуриш ва 2 та қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш станциясини ташкил этиш кўзда тутилган. Урганч ва Тупроққалъа туманларида жойлашган қаттиқ маиший чиқиндилар рекультивация қилинган ва Қўшкўпир туманида 15 гектар майдонда қурилиш чиқиндилари полигони қурилган.
Муаммони ҳал қилиш ҳақида бош қотирилаётгани яхши, албатта. Лекин ҳозирда 90 фоиз чиқиндининг охирги манзили табиат бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмас. Чиқиндини қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқалигина она табиатни, оқибатда, ўз соғлиғимизни асрай оламиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Ishonch.uz