“Ура-урачилик қобиғидан чиқолмаяпмиз”

83

3-май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни!

Юлдуз ОЛИМОВА, журналист:

– Журналистларни қандай муаммолар ўйлантиряпти?
– Билишимча, АОКА томонидан турли ташкилотлар ахборот хизматлари ходимлари фаолиятини рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилган. Биз худди шундай тизим ташкилотлар раҳбарларига нисбатан ҳам жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблаймиз. Маълумот олиш эса, бирор ташкилот раҳбарининг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаслиги ва тизимли ташкил этилиши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ҳамкасбларимиз бошини қовуштириш, уларнинг малакасини ошириш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар жуда суст даражада олиб бориляпти. Айтайлик, бирор журналистнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ нохуш воқеа рўй берганда, бу уюшманинг борлиги деярли сезилмайди.

– Сизнингча, журналистика тўртинчи ҳокимиятга айланяптими?
– Бу саволга қисман «Ҳа!» деб жавоб бераман. Негаки, айрим журналистлар кўтарган муаммолар ҳукумат ва тегишли ташкилот-идоралар томонидан муҳокама қилиняпти. Лекин афсуски, бундай танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар жуда кам.
Журналист ўз вазифасини бажариш жараёнида жамоатчилик назоратини амалга оширувчи шахс бўлиши керак. Ривожланган давлатларда коррупцион жиноятларнинг асосий қисми ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан эмас, айнан журналистик суриштирувлар сабабли фош бўлиши амалиётда маълум. Қолаверса, бизда тўртинчи ҳокимият бўлиш учун ҳамма имкониятлар етарли. Шундай экан, фақат изланиш ва самарали ижод қилиш керак.

– Соҳада қандай камчиликлар кузатилмоқда?
– Йиллар давомида ура-урачилик муҳитида фаолият юритган ўзбек журналистикаси ҳали-ҳануз ўша қобиқдан чиқишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Журналист тарғиботчи эмас, аммо аксарият ОАВ вакиллари қайсидир ташкилотнинг пиар компанияси вазифасини бажариб келишмоқда. Матбуот хизмати тайёрлаган материални эфирга узатиш – бу журналистика эмас. Унда журналистнинг ўз услуби, таҳлили, таклифи, танқидий назари бўлиши лозим.