Касаначилик нима?

611

Савол: Газета ва телевидение орқали касаначилик, унинг истиқболи ҳақида кўп гапирилади. Эшитишимча, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича касаначиларга кенг йўл очиб берилибди. Касаначилик ўзи нима? Ишлаш тартиби қандай? Шу мавзуда аниқроқ маълумотлар берсангиз.

Озода ЖЎРАҚУЛОВА
Юнусобод тумани

Жавоб: Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига кўра, касаначилик – тузиладиган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс (касаначи) томонидан ўз яшаш жойи бўйича ёки касаначи ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган ёки касаначи томонидан ижарага олинган бошқа хоналарда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш борасида амалга ошириладиган ишдир. Касаначиликда меҳнат муносабатлари ушбу кодекс ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган «Касаначилик тўғрисидаги низом»да белгиланган қоидалар билан тартибга солинади.

Касаначилик амалга ошириладиган тураржойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб этилмайди. Ишга қабул қилинадиган жисмоний шахс билан иш берувчи ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилади. Ишларни бажариш иш берувчининг розилиги олинмаган ҳолда касаначининг оила аъзолари иштирокида (ёрдамида) амалга оширилиши мумкин.

Касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти давомийлиги, иш жадвали ва тартибини мустақил равишда белгилайди.

Иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини инобатга олиб, у бажарган барча иш учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга нисбатан иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида, шунингдек, тунги вақтда ишлагани учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди.

Касаначининг йиллик меҳнат таътили давомийлиги, агар касаначи қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ давомийлиги кўпроқ бўлган йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, йигирма бир календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас.

Касаначиларнинг ишига, қоида тариқасида, ишбай ҳақ тўланади. Ҳақ тўлаш амалда бажарилган ишлар (хизматлар) учун ёки сифати бўйича белгиланган талабларга жавоб берувчи ишлаб чиқарилган маҳсулот учун амалга оширилади.

Меҳнат нормалари ва мажбуриятларини бажарган касаначининг иш ҳақи қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак ва бирон-бир энг юқори миқдор билан чекланмайди.

Касаначининг меҳнатига ҳар бир тугалланган иш топшириғи, ишлар ҳажми топширилаётганда ёки меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган мунтазам вақт оралиғида ҳақ тўланиши керак.
Шунингдек, меҳнат шартномасида касаначининг меҳнатига бўнак тарзида ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Ҳуқуқ ва халқаро ҳаёт бўлими