Япон нега юз йилдан ошиқ яшайди? Кунчиқар юртда яшаётган ўзбек иқтисодчисининг Япония ва японлар ҳақидаги фикрлари

97

“ishonch.uz”да «Хориждаги ватандош» лойиҳаси давом этади. Бу гал Япониянинг Chiba University of Commerce университетида иқтисод-менежмент йўналишида таҳсил олган ва айни дамда кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб бораётган юртдошимиз Тимур Мажидовни суҳбатга чорладик. Cуҳбатдошимиз 30 ёшда, асли Самарқандлик.

– Кунчиқар юртда яшашнинг қандай қандай афзалликлари бор?
– Японияда олти йилдан бери яшайман. Бу диёрда нафақат иқтисодиёт, балки тиббиёт, таълим тизими ва сервис хизматлари ҳам юқори даражада. Барча тизим инсонга қулай яратилган. Мамлакатда нафақат йирик корхоналар, балки кичик ишлаб чиқариш саноати ҳам яхши ривожланган. Умуман олганда ҳамма соҳа яхши ривожланган. Ортда қолган тармоқнинг ўзи йўқ.
– Японияга қандай дастур орқали боргансиз? Ўзга юртга кўникиш қийин кечмадими?
– Японияга тил ўрганиш курси орқали келгандим. Уни тугатгач, бакалаврга ўқишга кирдим. Мен тартибни жудаям яхши кўрар эдим. Шу сабаб тартиблилар юртига мослашишим қийин кечмади.

– Талабаликни ёдга олсак…
– Япониянинг бакалавр таълим тизимида ўқидим. Ҳар бир талаба маълум бир поинтни (балл) тўплаб ўқишни битиради. Мен ўқиган университетда 124 поинт тўплаган талаба университетни битира олади. Битта семестрдаги битта фан 2 поинт беради. Мен 3-курсда 122 поинт тўплаб, 4-курсда фақат диплом иши ёзиб, соҳам бўйича амалиёт ўтаганман. Университетларнинг деярли барчаси контракт тўлови асосида ўқитади. Фанларни яхши ўзлаштирган талабалар эса стипендия билан тақдирланади. Унинг миқдори ҳам юқори.

Таълим олиш чоғида талабанинг ишлашига рухсат берилади. Имтиёзлари ҳам талайгина, чет эллик талабаларга турли стипендиялар мавжуд. Масалан, мен тил курсида 1 йил 8 ой ўқиб, охирги 1 йилида «ЖАССО» деган ташкилотнинг стипендиясини олганман. Ҳар ой 30.000 иена (ҳозирги валюталар курсида тахминан 220 АҚШ доллари) миқдорида стипендия олардим. Университетнинг 3-4 курсларида Халқаро Ротарй ташкилотининг стипендиясини олганман. У ҳар ойда 100.000 иена эди (тахминан 730 АҚШ доллари). Японияда таҳсил олмоқчи бўлганлар тил курси бўйича келиб, япон тилини ўрганиб олгандан кейингина университетларга киришлари мумкин.

– Японларнинг қайси одатини ўзлаштирдингиз?
– Кўп, масалан, навбатда туришни (улар соатлаб навбатда туришади). Японларда кечирим сўраш одатий ҳол. Кузатдимки, бу муносабатларни яхшилайди. Жамиятимизга японларнинг шу фазилати керак, деб ўйлайман. Тозаликка эътибор ҳам юқори даражада. Жамоат транспорти ҳақида гапирмасам бўлмас. Жамоат транспорти хусусан метро ва автобуслар бир дақиқа ҳам кечикмай ўз вақтида келади. Инсонлар-бир-бирининг ишончини йўқотишдан қўрқади. Уларнинг мана шу одатларини ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпман.

– Ижтимоий ҳимоя қай даражада?
– Япония тенг имкониятлар мамлакати, яъни оилада фарзандлар туғилса, сизнинг молиявий ҳолатингиз қандай бўлишидан қатъи назар, давлат бола парвариши учун барчага тенг маблағ ажратади. Бола 18 ёшга киргунга қадар давлат маълум маблағ тўлайди. Фақат миқдори ўзгариб бораверади. Яъни, 6 ёшгача бошқача маблағ, 12 ва 18 ёшгача бошқа белгиланган маблағни олади. Қолаверса, болалар сони ортиб боргани сари оиланинг имтиёзлари ошади. Кўп болали оилаларга солиқ тўловлари учун имтиёзлар берилади. Япония муваффақиятининг сири бу халқ манфаатининг юқори ўйланганидир. Қаерга борманг, нимани кўрманг ёки ушламанг, ҳаммаси инсон учун, унинг қулай ва фаровон яшаши учун яратилган.
– Меҳнатсевар, тежамкор халқ дейишади…
– Энг захматкаш халқ деяверинг (кулади). Катта ёшдагиларнинг ҳам тетик юришининг сабаби меҳнатсеварлигидан. Тежамкор халқ экани ҳам тўғри. Японлар ҳисоб-китоб билан юради. Ҳар ойлик харажатларини ҳисоблаб боришади. Ҳаттоки, дўконларда ойлик харажатларни ҳисоблайдиган махсус дафтарлар ҳам сотилади. Ёшлар ўқувчилик давридаёқ келажак учун пул жамғаришни бошлайди. Ҳашаматни севмайдиган оддий халқ, лекин қашшоқ давлат эмас. Таълим учун пулни аяшмайди.

– Эркин Воҳидовнинг машҳур мисраси бор: «Япон юз йил яшайди» деган. Эшитгансиз-а?.. Кузатдингизми, узоқ умр кўришнинг сири нимада экан?

– Япония аҳолиси узоқ умр кўришининг сабаби шундаки, улар кундалик овқатланишни назорат қилади. Ўртача умр кўриш давомийлиги 84-85 ёшни ташкил қилади. Ёғли ва аччиқ таомни кам истеъмол қилишади ва парҳезбоп маҳсулотларни афзал кўришади. Статистикага кўра, кекса ёшлиларнинг 80 фоиздан кўпроғи яхши кайфиятда юради, асосий вақтини дўстлари билан ўтказади. Бунга, балки, шу сабаблардир. Менимча, ҳам шундай.

– Маълумотларга кўра, оилавий ажримлар кам юз берадиган давлат сирасига кирар экан. Японларнинг оила ва турмуш тарзи ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Япониянинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Турмуш қуриш ёши катта ва ёшлар орасида никоҳ кам қайд этилади. Япон ёшларининг асосий қисми турмуш қурмайди. Туғилиш статистикаси кескин камайиб бораётган давлатлар сарасига киради. Қариялар сони ёшлар сонидан ошиб бормоқда. Шу туфайли ижтимоий муаммолар юзага келмоқда. Японларнинг ўзидан нега оила қуришга шошилмайсизлар, деб сўраганимда, вақтимиз йўқ, каръера қилишимиз керак дейишади. Улар аввало ишини йўлга қўйиб, шошилмай 35-40 ёш оралиғида уйланишади. Уларнинг ҳатто учрашувларга ҳам вақти йўқ. Японларнинг оила борасидаги битта ёқмайдиган тарафи турмуш қурмасдан ҳам узоқ йиллар бирга яшаши мумкин. Уларнинг шу тарафига ҳавас қилиб бўлмайди.

– Кўчмас мулк соҳасида фаолият юритасиз? Уйларнинг нархи Японияда ҳам ошганми?
– Японияда уйларнинг нархи сезиларли ошгани йўқ. Асосан озиқ-овқат нархлари ошди. Ишим шу соҳа билан боғлиқ бўлгани учун қурилишларни кўп кузатаман. Кўп қаватли уйлар сифати аъло даражада. Давлат назоратидан ўтмаган уйлар яшаш учун топширилмайди. Юқорида айтганимдек, давлатда коррупция йўқ. Ҳамма ўз ишини сидқидилдан бажаради. Қурувчиларнинг ҳаммаси квалификациядан ўтган.

– Кўчмас мулкка муносабат қандай?
– Японияда банкларда омонат фоизи жуда ҳам паст, яъни 0.01%. Шу учун кўчмас мулкка инвестиция киритиш юқори даражада. Ижара нархлари Тошкент билан деярли бир хил. Шахсан ўзим Токиода икки хоналик барча шароитларга эга уйда яшайман. Ойлик ижара тўлови 73.000 иена (530 АҚШ долларига тенг). Коммунал тўловларни тўламаймиз. Японлар уйларни 15-20 йиллик шартнома асосида кредитга олади. Ижарада яшайдиган японлар ҳам кўп. Сабаби уларнинг иш офиси ҳар икки уч йилда бошқа шаҳрига кўчиб туради. Мухтасар айтганда, Японияда кўчмас мулк соҳаси жуда ривожланган. Келажакда шу соҳани Ўзбекистонда ривожлантирмоқчиман.

Суҳбатдош:
Феруза Раҳимова,