Воқеа бундай бўлган:
Отам Пардаев Мулло Мукаррам 1944 йилнинг қаҳратон қишида қўлтиқтаёқда ва ҳарбий комиссариатдан икки солдат етовида уйга – Фориш туманининг Ўхум қишлоғига кириб келган. Ўша куни кечки пайт бир уй, бир даҳлиздан иборат торгина хонадон одам билан тўлган.
– Мулложон, қанийди ўғлимнинг тақдири ҳам сенга ўхшаса, – дея йиғлаган болаларини кутаётган она. – Майли, қўлтиқтаёқда бўлсин! Майли қўли, оёғи синган бўлсин! Болагинамни тирик кўрсам бўлди эди…
Ҳангома қизиган пайт қишлоқ хабарчиси, ўнг қўли йўқ Турсунбой почтачи қизиқ бир ҳикоя айтиб қолибди:
– Ярим йилча аввал Мулло ўлди деган хабар келган эди. Парда полвоннинг учта ўғли урушда. Шундоғам эзилиб юрган отага, юздан ошган, ҳар куни невараларини кутиб, йўл қараб турган Давлатгул момога шум хабарни қандай етказаман, деб ич-этимни едим. Бир кун аввал Шамиддиндан келган қорахат учун оила аъзоларидан роса калтак еб, зўрға қочиб қутулгандим. Бор-э, нима бўлса бўлар деб, Муллонинг ўлими ҳақидаги хатни бурдалаб йиртдим-да, сойга оқиздим. Ўшанда бу жиноят эканини, бу ишимнинг миси чиқса, оғир жазо берилишини билардим, лекин шундан сўнг негадир қушдай енгил тортдим. Устимдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Яратганнинг инояти билан Мулло урушдан тирик қайтганини эшитиб, қанчалик қувонганимни билсангиз эди!
– Ол-а, Пўчта, лоф қилу эви билан-да, – дея кулибди кимдир. – Ярим йил аввал Муллонинг тирик эканини билиб, қорахатни йиртиб ташлаганмиш. Пардабой ака, бунга бир тўн кийғизинг ахир, авлиё-ку бу!
Ўшанда ҳамма гуриллаб кулган, Турсунбой почтачи эса ер чизиб қолган экан.
Мен бу ҳангома ҳақида ўтган асрнинг етмишинчи йилларида эшитгандим.
Бир неча йилдан бери отам босиб ўтган жанговар йўл ҳақида архив материаллари ва бошқа манбалар орқали маълумот йиғаман. Яқинда отам ўнг оёғидан ва елкасидан ўқ еб, оғир ярадор ҳолда Омск шаҳридаги 1497 рақамли эвакуация ҳарбий госпиталида ётганини аниқладим. Унда 72-тартиб рақами билан урушга Фориш туманидаги Ўхум қишлоқ советидан ҳарбий хизматга чақирилган, 1908 йилда туғилган оддий аскар Пардаев Мукаррам ётгани ҳақида маълумот бор. Госпиталь журналининг ушбу саҳифасида жангчи уруш майдонида 1943 йилнинг 4 февралида оғир ярадор бўлгани, бу ерга 3 май куни келтирилгани ва 27 август куни ҳисобдан чиқарилгани қайд этилган. Беморнинг госпиталь ҳисобидан чиқарилиши сабаби шахсий картасида «…ўлими» деб кўрсатилган.
Демак, Турсунбой почтачи ёлғон гапирмаган! Демак, ҳамқишлоқлари унинг устидан бекорга кулишган! Демак, у авлиё бўлмаса ҳам юрт дардига шерик ҳақиқий инсон бўлган!
Мен эса бугун ўша даврнинг азобларини, уруш офатларини, халққа отилган ўқларини ҳақиқий, мард жангчилардек биринчи бўлиб қабул қилган Турсунбой ака, минглаб, юз минглаб Турсунбойлар руҳи олдида бошим ерга текканча таъзим қиламан!
Мунаввар ПАРДАЕВ,
журналист



