Иккинчи жаҳон уруши ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Бироқ бу мавзуда ҳали ўзбек матбуотида эълон қилинмаган қизиқарли маълумотлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрий кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, разведкачи Худойберди СОҲИБОВ билан суҳбатлашдик. У киши мавзунинг янги қирраларини топиш учун анча вақт сарфлаган ва буни яшириб ўтирмади:
– ДХХ ва республика давлат архивларида ишлаган давримда кўп маълумотлар тўплаганман, аксариятидан, хусусан, ўзингиз билан бўлган аввалги бир неча суҳбатларда фойдаланганман.
Янги гап айтиш учун уч-тўрт ой мобайнида яна шахсий архив ҳужжатларимни титдим, сарғайиб кетган қирқ-эллик йиллик газета-журналларни қайта қўлга олдим. Уруш мавзуидаги китобларни такрор кўриб чиқдим.

– Худойберди Соҳибович, нима деб ўйлайсиз, урушнинг олдини олиш мумкинмиди?
– Гитлер Германия ҳукуматига раҳбар бўлгач, ўтган асрнинг 30-йилларида Европа мамлакатлари ҳарбий соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чораларини кўра бошлашди. Собиқ иттифоқ ҳам чегарадош давлатлар билан ҳамкорликка интилган. Хусусан, Финляндия, Югославия, Скандинавия мамлакатлари шулар жумласидандир. Коммунистик партия етакчиси, уруш бошланиши арафасида ҳукуматга раислик қила бошлаган Сталин ҳам мудофаа саноатини ривожлантиришга, ҳам Ғарб билан мўътадил муносабатларни сақлаб туришга интилди.
Маълумки, Ғарбнинг собиқ иттифоққа нисбатан душманлик амаллари тўғрисидаги асосий маълумотларни разведка идоралари етказиб берган. 1939 йилнинг августига келиб, бу хабарларнинг оқими ошади.
Французлар ва британияликлар ўша йилнинг ёзида Москвага музокаралар ўтказишга келишади. Узоқ тортишувлардан сўнг уларнинг Германия томонидан амалга оширилиши эҳтимоли катта бўлган ҳужумларга биргаликда қаршилик кўрсатмаслиги маълум бўлади.
Финляндия ҳам Англия, Швеция ва Германия билан иттифоқдошликка мойиллик билдиради. Кейинроқ у олмон давлати томонида Совет иттифоқига қарши урушга киради.
Бу орада советлар олмонлар билан иқтисодий ҳамкорлик музокараларини давом эттиришади. 1939 йил 23 августь куни Москвага Германия ташқи ишлар вазири Риббентроп келади. Узоқ муҳокамалардан сўнг бошқа ҳужжатлар қаторида шу куни Кремлда Германия ва Совет иттифоқи ўртасида ўзаро тажовуз қилмаслик тўғрисидаги пакт имзоланади (маълумот ўрнида: Олмония айнан шундай шартномаларини 1934 йил Польша, 1938 йил Англия ва Франция, 1939 йил Литва ва Эстония ҳамда 1941 йилда Туркия билан имзолайди).
Совет раҳбариятининг стратегик мақсади нима қилиб бўлса ҳам, икки фронтда – Узоқ Шарқ ва Европада урушнинг олдини олиш эди.
Мафкурага боғланмаган дипломатик муносабатларни Италия мисолида ҳам кўриш мумкин. Совет иттифоқи 1922 йилда фашист режими бошига келган Бенито Муссолини билан иқтисодий ҳамкорликни узмаган. Қолаверса, Сталиннинг Совет иттифоқини жаҳоннинг йирик давлатига айлантиришдек устувор – глобал режаси бор эди.
– Демак, англашиладики, урушнинг олдини олиш учун ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, кўнгил хотиржам бўлди…
– Назарий жиҳатдан шундай дейиш мумкин. Аммо буни ҳукуматлараро муносабатларда учраб турадиган дипломатик найранг, деб ҳам аташ мумкин.
Мамлакатда коллективлаштириш сиёсати тугаган, улкан саноатлаштириш энди натижасини кўрсатаётган эди. Бу муваффақиятлар, албатта, Ғарб сиёсатчиларига маъқул келмасди. Бунинг устига, советлар ўз қудратини Мўғилистон ва Манжурияда қўли баланд келиб турган Японияга қарши курашда намоён этишга ҳам улгурган эди.
Юқорида қайд этганимдек, Франция ва Буюк Британия билан тил топишиб бўлмади. Аслида бу икки давлат Американинг ташаббуси билан шу йўлни танлаганди. Президент Рузвельт Британия бош вазири Чемберленга мурожаат қилиб, Германиянинг ғарбий Европадаги гегемонлиги Америка ва Британия манфаатларига мутлақо тўғри келмаслигини англатиб, уни чўчитади.
Океанорти раҳбарияти инглиз ҳукуматини Германиянинг Европадаги иттифоқдошлари, шу жумладан, Совет иттифоқи билан алоқаларни тўхтатиш юзасидан чора кўришга чақиради.
Риббентроп-Молотов пакти, деб тарихга кирган ҳужжат ҳақида совет разведкачиси, генерал-лейтенант Павел Судоплатов «Разведка и Кремль. Записи нежелательного свидетеля» китобида батафсил маълумот келтиради. Унинг қайд этишича, разведка идорасига давлатдан мазкур пакт имзоланмасидан бор-йўғи икки кун аввал Германия билан тинчлик муносабатларини ўрнатиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғи берилади. Яъни, разведка бу пакт тайёрланаётганидан бехабар бўлган.
– Жуда қизиқ ҳолат эмасми, давлатнинг энг ишонган, таянган идораси муҳим стратегик ҳужжат ҳозирланаётганидан хабарсиз қолса…
– Менимча, бу вазиятни тўғри тушуниш керак. Аввало, уруш хавотирлари кучайиб келаётган бир пайт. Қолаверса, давлат раҳбарининг ўзига хос табиатини ҳам унутмаслик керак…
Бу ҳужжат нафақат ташқи разведка, балки ҳарбий разведка ва дипломатлардан ҳам сир тутилган. Аслида мазкур махфий пактда сир, деб аталмиш деярли жиддий бир нарса йўқ. Пактда советларнинг Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстония ишларига аралашмаслиги ҳақида банд бор. Совет қўшинлари, ҳукуматлараро шартномага асосан, бу мамлакатларда жойлаштирилган эди. Берлин эса уларни ўзига оғдириб олиш учун уринар эди.
Пактнинг яна бир томони ҳақида тўхталсам. Немислар 1939 йилнинг сентябрь ойида Польшани босиб олгач, яъни расман Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, советлар Польшанинг шарқига кириб боради ва Галиция – ғарбий Украинани эгаллайди. Бу ҳудуд украиналик миллатчилар ҳаракатининг маркази эди. Ўша пайтдаёқ марказ Львовда капиталистик турмуш тарзи ҳукм сурарди – чакана ва кўтара савдо хусусий тадбиркорлар қўлида эди. Улар ҳукуматни тан олишмасди.
Украина компартияси етакчиси Хрушчёвнинг талаби билан советлар орага кирадилар. Пактдан фойдаланиб, Германия аралашуви билан 1938 йилдан бери Англия ва Франция томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган мустақил Украина Карпат республикасини ташкил этиш ғоясига чек қўйилади.
– 1941 йил 22 июнда уруш бошланган. Аввалги суҳбатларимизда разведка маълумотларига таяниб, немислар советлар юртига бостириб кириши тўғрисида аниқ хабарлар келиб тургани ҳақида гапириб берган эдингиз. Бу фикр бугун ўзгарган эмасми?
– Разведканинг вазифаси огоҳлантириш, эҳтимолий воқеалар тўғрисида аниқ маълумотлар тўплашдан иборат. Германиянинг Совет иттифоқига бостириб кириши тўғрисидаги хабарларнинг келиши 1940 йилнинг ноябридан бошланган. Албатта, бу маълумотларнинг аниқлигига доим шубҳа билан қаралган, баъзан улардаги фактлар бир-бирини инкор ҳам қиларди. Хабарларда немисларнинг ҳарбий салоҳияти тўғрисида маълумотлар бўлмагани учун жиддий эътибор берилмасди.
Ташқи ва ҳарбий разведканинг 1941 йил май ва июнь ойидаги маълумотларининг аксариятида урушнинг муқаррарлиги баён этилади.
Жиддий хабарлардан бири шуки, афсонавий разведкачи Зорге Токиодан туриб, немисларда 1 июнда советларга қарши уруш очиш режаси бор, деб хабар йўллайди. Унинг кетидан Берлин резидентураси 15 июнь тўғрисида маълумот беради. Унгача эса, 11 март куни ҳарбий разведка баҳорда уруш бошланишига ишора берувчи хабар йўллаган эди.
Менимча, ҳали матбуотда айтилмаган муҳим факт бор. Июнь ойи ўрталарида совет разведкачиси Зоя Рибкина-Воскресенская Германиянинг Москвадаги элчихонаси уюштирган қабул маросимида иштирок этади ва илгари дипломатик ваколатхона деворларида осиғлиқ турган плакат ва расмлар олиб ташланганига эътибор беради. Элчихонадаги суҳбатларни эшитувчи ва ёзиб олувчи жиҳозни жойлаштириш учун олазарак бўлиб турганида, дипломатларнинг кўчиб кетиш учун ҳозирлаб қўйилган кўплаб жамадонларига кўзи тушади.
Бу хабар совет раҳбариятини баттар саросимага солади…
Москвадаги «Метрополь» меҳмонхонасида дипломатик почта ташувчи икки нафар ҳаммол қўлга туширилади. Элчихонадан Берлинга жўнатилаётган барча ҳужжатлар суратга олинади. Улар орасидан элчи Шуленбургнинг Риббентропга элчихона ходимларини қисқартириш ва келишилган график асосида дипломатлар Берлинга қайтариб юборилаётгани тўғрисидаги ахбороти чиқади.
Уруш яқинлашиб келаётганига шубҳа қолмаётганди ва бу ҳужжатлар фаразларни яна бир бор тасдиқлайди.
– Ҳар ҳолда, урушга тайёргарлик кўриш бошланган, деган хулоса чиқариш мумкин экан-да…
– Узоқ давом этадиган урушга пухта ҳозирлик кўрилиши талаб этилиши бор гап. Немисларнинг ҳарбий-стратегик режасига кўра, улар душманнинг жанговар қудратини яксон қилиш билан бирга, энг аввало, хомашёга бой ғарбий Украинани босиб олиши керак эди.
Сталин Германия билан урушнинг узоққа чўзилишини ҳисобга олиб, тезкор стратегик машқлар ва моддий-техник қудратни юксалтириш бўйича саъй-ҳаракатлардан бохабар бўлгач, ўзига хос топшириқ беради. Москвадаги немис ҳарбий атташесини Сибирдаги ҳарбий саноат қудрати билан таништириш зарурлигини уқтиради. 1941 йил апрель ойида унга янги замонавий танк ва самолётлар ишлаб чиқарилаётган заводлар билан танишиш имкони яратиб берилади.
советларнинг берлиндаги резидентураси эса авиация ва иқтисодиёт вазирликлари ичида Германиянинг советлар билан уруши фожиага айланади, агар у узоқ давом этадиган бўлса, икки фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлинади, деб шов-шув тарқатади.
– Урушнинг олдини олишга илож топилмаган бўлса, унда ўзаро тажовуз қилмаслик тўғрисидаги пактнинг кучи, тақдири нима бўлди?
– Германия Совет иттифоқига ҳужум бошлаши биланоқ бу битим ўз кучини йўқотади. Разведка хизматларига янги топшириқлар берилади. Немисларнинг ҳарбий куч-қудрати, Иккинчи жаҳон уруши қанча давом этиши, шунга яраша фашистларнинг захираси ҳақида маълумотлар тўплаш ва Гитлерга суиқасд уюштириш режасини ишлаб чиқиш шартлиги айтилади.
Таниқли актриса Ольга Чехова, бокс бўйича жаҳон чемпиони Игорь Миклашевский сингари шахсларнинг немислар юртидаги обрў-эътиборидан фойдаланилади. Улар Берлинга юборилади. Икки йил режа асосида иш олиб борилади, ишга «нуқта» қўйиш жараёни пишиб етилганда, яъни 1943 йилда Гитлернинг ҳаётига дахл қилмаслик ҳақида янги топшириқ олинади.
Ольга Чехова Германияда яширин фаолият олиб борган, Гестаподан муҳим хабарлар олиб, Москвага етказиб турган. Гитлер билан шахсан таниш бўлган.
Совет раҳбарияти Гитлернинг ўлдирилишидан манфаатдор бўлмайди. Агар Гитлер йўқ қилинса, нацист доиралар ва ҳарбийларга тинчлик шартномасини Совет иттифоқисиз қабул қилишга шароит яратилар эди. Айни шу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтираман. Разведканинг аниқ маълумотига кўра, Ватиканнинг Анқарадаги вакили олмонларнинг Туркиядаги элчиси Франц фон Папен билан учрашади ва унга Папа Пий XII нинг Буюк Британия, АҚШ ва Германия сепаратив тинчлик битимини имзолаш ҳақидаги таклифини етказади.
Папен 1939-1944 йилларда Туркияда элчи бўлган ва бу давлатни Германия тарафида урушга чорлаган. У 1946 йилда Нюрнберг халқаро судига чиқарилади ва қилмиши исботланмагани учун оқланади.
Бундан ташқари, Римдаги совет резидентураси Папеннинг шахсан Рузвельтнинг Ватикандаги вакили билан кўришгани ҳақидаги хабарни етказади.
Агар сепарат битим қабул қилинганида, советларнинг Европага таъсирини камайтирган, келажакда Европа альянси Совет иттифоқисиз тузилиши мумкин эди. Кремль бу каби таҳлиллардан кейин, албатта, Гитлернинг жонига тажовуз қилишдан воз кечади.
…Урушдан кейин Европа Иттифоқи тузилади ва бугун у янада жипслашганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
– Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги янги факт ва рақамлар қамраб олинган суҳбатингиз учун ташаккур.
Аброр ҒУЛОМОВ суҳбатлашди



