Ўқувчилар математика ва табиий фанлар бўйича халқаро билимлар имтиҳонларида дунёдаги энг яхши натижаларни кўрсатмоқда
Кейинги йилларда мамлакат ва хориж олий ўқув юртларида илм-фаннинг энг замонавий йўналишлари ва илғор технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлаш устувор вазифалардан бирига айланди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида Сингапур илмий-техник ривожланиш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бирига айланди.
Бунда албатта таълим тизими муҳим роль ўйнайди. Сингапур умумий таълим тизими уч босқичдан иборат. Мамлакат маъмурий жиҳатдан 4 та таълим ҳудудига бўлинган бўлиб, ҳар бир ҳудуд 7 та мактаб кластеридан иборат. Ҳар бир кластер ўртача 12-14 бошланғич ва ўрта мактабни ўз ичига олади.
Сингапур аҳолисининг саводхонлиги дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Мактаб ўқувчилари 1995 йилдан буён математика ва табиий фанлар TIMSS (математика ва табиий фанлар бўйича тенденциялар) бўйича халқаро билимлар имтиҳонларида дунёдаги энг яхши натижаларни кўрсатмоқда.
Ўрта умумий таълим босқичида ўқувчилар техник соҳа, бухгалтерия ҳисоби, тил ўрганишга ихтисослашган йўналишлардан бирини танлашлари мумкин
Сингапурда ўқувчиларни мактабга қабул қилиш 6 ёшдан бошланади. Бошланғич мактабда талабалар математика, инглиз тили, этика, мусиқа ва жисмоний тарбия каби фанлардан асосий билимларни олади. 6-синф охирида улар ўрта мактабда ўқишни давом эттиришга рухсат берувчи PSLE якуний имтиҳонини топширадилар. Маълумот ўрнида айтиш керакки, PSLE имтиҳонлари миллий имтиҳондир. Имтиҳон инглиз, она тили, математика ва табиий фанлар бўйича ўқувчиларнинг билим даражасини текширишга қаратилган.
Ўрта умумий таълим 4 йил давом этади. Ушбу босқичда талабалар техник соҳани, бухгалтерия ҳисоби, шунингдек давлат ва хорижий тилларини ўрганишга ихтисослашган йўналишлардан бирини танлашлари мумкин. Бу босқичдан сўнг умумтаълим мактаблари битирувчилари техникумларга (3 йиллик) ёки техник институтларга (ўқиш муддати – 2 йил) ўқишга қабул қилинади. Талабалар ушбу ўқув даргоҳларида қуйидаги соҳаларда мутахассисликларни олишлари мумкин: муҳандислик, алоқа, рақамли технологиялар, биотехнология ва бухгалтерия ҳисоби. Ўқишни тугатган битирувчиларга ишга жойлашиш имконини берадиган диплом берилади. Шунингдек бу босқичдан сўнг битирувчилар Олий таълим муассаларида ҳам ўқишларини давом эттиришлари мумкин.
Бошланғич мактаб мажбурий ва пуллик
Сингапур таълим тизимида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) муҳим рол ўйнайди. Бу талабалар ўртасида инновацион ғояларни ривожлантиришга ва улар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради. Сингапур мактабларини компьютер билан жиҳозлаш даражаси ўртача 5 та талабага битта компьютердан иборат. Шу билан бирга мактабларнинг 95% интернет тармоғига уланган. Бу ўқитувчилар ва талабалар орасида тажрибалар алмашиш имкониятини беради.
Сингапурда бошланғич мактаб мажбурий ва пуллик ҳисобланиб, таълим харажати ойига 9,4 АҚШ доллар ва йилига бир марта тўланадиган 79,4 АҚШ долларни ташкил қилади. Ўрта таълим учун ота-оналар ҳар ойда 14,4 доллар ва ҳар йил учун бир марта 115,5 доллар тўлайди. Университетгача бўлган давр таълими учун ҳаражат ойига 19,5 долларни ва йилига бир марта тўланадиган 158,8 долларни ташкил этади.
Давлат томонидан ажратиладиган барча маблағлар, шунингдек, ўқув тўловлари мактаб фондига тушади. Кластер раҳбарлари мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушган маблағларни ва барча ҳаражатларни нашр этадилар.
“Мактаб-ўқувчи-ота-она” занжири
Мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Ота-она ва мактаб ҳамкорлиги» деб номланган махсус дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
а) ўқувчилар учун қулай шароит яратишда ота-оналарга ёрдам;
б) мактаб ва ота-оналар ўртасида самарали маълумот алмашиш;
в) турли хил тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш, масалан, мактаб нашрлари, ота-оналар иштирокидаги конференциялар (“мактаб-ўқувчи-ота-она” занжири);
г) мунтазам равишда ота-оналарга ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштирганлиги тўғрисидаги ахборотни, ҳисоботларни тақдим этиш. Бу эса ўз навбатида ўқувчини назорат қилиш имконини беради ва унинг ўқишини яхшилаш учун таъсир ўтказади («қайта алоқа» тизими);
д) мактаб қарорларини қабул қилиш жараёнида ота-оналарни жалб қилиш.
Таълим вазирлиги ўрта мактаб битирувчилари орасидан энг иқтидорларини ўқитувчилик касби учун танлаб олади
Сингапур таълим тизимининг асосий афзаллиги – ўқитувчилар таркибини танлашдир. Таълим вазирлиги ўрта мактаб битирувчилари орасидан энг иқтидорларини ўқитувчилик касби учун танлаб олади. Улар ўқитувчи иш ҳақининг 60 фоизига тенг бўлган стипендия олишади ва камида уч йил давомида педагогик билим берилади. Бундан ташқари, Сингапурнинг мактабларида тажрибали ўқитувчилар янги келган ўқитувчиларни “шогирдликка”га олиш, мураббийлик тизими ташкил этилган. Шуни таъкидлаш жоизки, Сингапурда ўқитувчилар давлат хизматчилари ҳисобланади. Таълим вазирлиги бюджети Мудофаа вазирлигидан кейин иккинчи ўринда (ЯИМнинг 5%) туради. Ҳар йили таълим соҳасига тахминан 12,9 миллиард доллар сарфланади. Бу давлат умумий бюджетининг (68,6 миллиард доллар) 18,7 фоизини ташкил қилади. Мамлакатда аҳолининг саводхонлик даражаси 96 фоиз.
Интернет манбалари асосида Гулруҳбегим тайёрлади



