Бир кун бувим алаҳсираб уйғониб, тўсатдан ўзи туғилган, 7 йилча яшаган қишлоғига “кетаман” деб туриб олса денг. Бола билан кексанинг фарқи бўлмайди дейишади, биз ҳам бувим яшаган уйга қизиқиб, “бир қишлоқ” бўлиб йўлга отландик.
Навоий вилояти Хатирчи туманида Лангар номли қўрғонча бор. Биз неваралар у ҳақда жуда кўп эшитганмиз. Тоғларига ҳар баҳор саёҳат қилардик, аммо ҳеч энг юқорисида жойлашган қишлоқчага йўлимиз тушмасди. Бувимнинг айтишича, Лангар ўз даврида марказлашган шаҳарча бўлган. Катта завод ва фабрикалар қурилгани сабаб анча йиллар олдин одамлар яшаш ва ишлаш учун кўчиб кела бошлаган. Тоғлар устида кўп қаватли бинолар қурилган. У бугун ҳам шундай гўзал, фақат эркакларни бу қишлоқдан топиш хийла мушкул.

Тасаввуримда тоғнинг чўққисида, жарликнинг шундоққина лабида камтаргина уйим бўлишини истардим. Ўша куни мана шу хаёлнинг ҳаётдаги аксини кўрдим. Мен истаган ҳаёт, уйча шу эмасми?!
Айтганча, бувимнинг уйи бузиб ташланган экан. Пастроқда жойлашгани сабаб қор кўчкисидан кейин қаттиқ талофат кўрган дейишди. Бувимнинг ичидан нимадир узилгандек бўлди. Шу пайт унинг кўзлари қачонлардир бирга ўйнаган дугонасига тушиб қолди.

Суҳбат “кўз тегмасин, ҳали 18-яшар қиздейсиз, опа” деб бошланди. Узоқ вақт болаликни эслашди. Қаттиқ қизиқиш билан тинглаб туриб, холани қандай суҳбатга тортганимни билмайман.

“Эркаклар, мактабни битириши билан ўғилларимиз Тошкентга “диван”га (мебель цехлари назарда тутиляпти) ишлаш учун кетади. Баъзилари Россия, Қозоқ қилиб юришади. Бир-икки пул орттирганлар шу ерда оиласига эчки қилиб беради. Мана, қаранг, болам, қишлоқда фақат кексалар, болалар ёки аёллар юрибди. Баъзи болалар ҳатто отасини танимайди. Чиқсак, жами 3000 та чиқамиз ўзи. Масалан, менинг ўғлим ҳам Навоийда ишлайди, оиласини олиб кетган, юрт — барибир юрт-да, ҳеч шу жойлардан кетгим келмайди.
Мирбозорга қатнаб, “товар” олиб келаман, магазинчам бор. Бу ердагиларда пул кам. Мана, қарз дафтарим. Ичи тўўўла. Лекин ҳеч сўрамайман, кимни ўғли ё эри пул топиб келса, ўзлари келиб, қарзларини тўлаб кетади. Лекин қўрғончада иш топиш қийин. Биттагина тикув цехчамиз бор, нари борса, 10 нафар одам ишлар. Бошқалар бекорчи. Лекин қачондир яна заводларимиз тикланиб, одамлар ишли бўлишига, Лангаримиз яна олдингидай марказлашишига ишонаман” – дейди бувимнинг дугонаси Рўзигул Ўтамова.

Бир қарашда гўзал кўрингани билан бу қўрғончанинг аҳолисига ҳавас қилиб бўлмайди. Аммо бу манзара, бу мўъжазгина қишлоқча туризм шаҳарчасига айлантирилса, аксарият муаммолар ечим топармиди?
Эъзоза УМУРЗОҚОВА,
«Ishonch.uz»
