Андижонликлар югурган ҳолда чиқинди териш акциясини йўлга қўйишди

68

“Эколог” жамоат бирлашмасининг андижонлик эковолонтёрлари 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Плоггинг» (югуриб чиқинди териш) акциясига старт беришди. Акция доирасида Андижон шаҳридаги кўчалар чиқиндилардан тозаланди. Бу воқеа кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Маълумки, экологик муҳитнинг бузилишида пластик маҳсулотларнинг “хизмати” катта. Сабаби, улар ташлаб юборилгач, ўзидан инсон саломатлиги учун зарарли бўлган моддалар чиқаради. Боз устига, 20 йилдан 100 йилгача бўлган вақт оралиғида чиримайди.Пластик маҳсулотлар зараридан халос бўлишнинг энг мақбул йўли улардан фойдаланишни чеклашдир. Шу боис Табиат ресурслари вазирлигининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан “Пластикдан ифлосланишга қарши курашинг” шиори остида тадбир ўтказилди. У кўнгиллилар иштирокида “Плоггинг, яъни югурган ҳолда чиқиндиларни тозалаш” усулида ташкил этилди. Натижада вилоят марказининг одамлар билан гавжум ҳудудлари фойдаланилгандан сўнг чиқинди сифатида ташлаб юборилган турли-туман пластик маҳсулотлардан тозаланди.