Бу сурат тасодиф маҳсули. Унда айни туш палласи таҳририят деразаси ёнида совуткич тирқишидан оқаётган обиҳаётдан кабутарнинг ташналигини қондираётган лаҳзаси муҳрланган.
Аслида бу ҳолдан катта маъно қидириш шарт эмасдир. Аммо бугун бутун дунёда сув танқислиги кучаётгани ҳақида бонг урилаётган бир пайтда унда қандайдир ибратга чорлов бордек, назаримизда.
Рост-да. Аҳолининг табиий ўсиши ва сув истеъмоли кўпайиши, иқлим ўзгаришлари сабаб аномал иссиқ иқлим эндиликда чор-ночор кўникишимиз шарт бўлган меъёрга айланиб бормоқда. Ҳали саратон бошланмаган бўлса-да, ҳозирданоқ кун «ёндиряпти». Неки жонзот борки, соя-салқин истаб қолди. Жумладан, ўзимиз ҳам, мана шу қуш ҳам…
Унинг дераза рахида бизга боққанча ютоқиб-ютоқиб сув ичишида шундай киши билмас хитоб мужассамдек гўё: сув – бебаҳо неъмат! Уни борида қадрланг!
Алижон АБДУРАҲМОНОВ фото лавҳаси



