Сўнги вақтларда мактабгача таълим соҳасидаги улкан ўзгаришлар ҳақида масъуллар кўп бонг урди.
Тўғри, соҳада ижобий ўзгаришлар ҳам йўқ эмас, аммо бу ўзгаришлар тарбиячининг елкасига ортилган муаммоларни ҳали арита олганича йўқ.
Олдинда қилинадиган ишлар талай. Шу сабаб соҳани ичидан кузатган инсон сифатида баъзи ҳақиқатларни ёзишга, масъулларга таклифларимни етказишга қарор қилдим.
Салкам ўттиз йил мактабгача таълим муассасасида ҳамшира бўлиб ишладим ва тарбиячиларнинг меҳнатлари анчайин машаққатли эканига гувоҳ бўлдим. Шундан келиб чиқиб, баъзи мулоҳазаларимни мутасаддилар эътиборига ҳавола этишни жоиз деб топдим.
Ҳозир боғчаларда ҳар бир гуруҳда 25 нафардан 30 нафаргача болажон бор. Уларга тарбиячи энага ёрдамида эртадан кечгача таълим-тарбия бериш билан банд бўлади. Тарбияланувчиларнинг 3 ёшдан 6 ёшгача экани ҳисобга олинса, уларга сира осон тутиб бўлмаслиги ўз-ўзидан англашилади. Чунки болаларни овқатлантириш, вақтида дам олдириш тарбиячи билан энага зиммасига юкланган. Энди шунча юмушлардан ортиб, таълим-тарбия беришни тасаввур қилаверинг. Чет тилларига ўқитиш, мусиқа таълими машғулотлари катта ва тайёрлов гуруҳларида 25 дақиқа ўтилади. Табиий, савол туғилади: 25 нафар тарбияланувчига 25 дақиқада нимани ўргатиш мумкин? Таклифим – тарбияланувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш заруратидан келиб чиқиб, аввало, гуруҳларда болалар сонини камайтириш, бундай машғулотлар 10-15 нафарлик кичик гуруҳларга бўлиб ўтилиши керак. Бундан ташқари, интернет сифати етарлича бўлмаган бир шароитда тарбиячи боланинг келган-кетганини интернетга киритиб бориши учун ҳам 2 соат вақткетади. Камига тарбиячи конспект, ҳамкорлик дафтари ва ишланма, дея юритиладиган маълумотларни тўлдиришга ҳам мажбур эканини айтмайсизми? Яна бир оғриқли муаммо: одатда турли маданий-маърифий тадбирларга боғча болаларини олиб чиқиш талаб этиляпти. Ҳатто «Меҳнат ярмаркаси»га тарбиячи қўл меҳнати маҳсулотларини олиб чиқиб ўтиради. Тугашидан бошланиши узоқроқ вақтни оладиган бу каби тадбирларда болалар баъзида совуқда, баъзида иссиқда қолиб кетади. Бу эса кичкинтойларни толиқтиради. Бу каби тадбирларга боғча тарбияланувчиларининг жалб қилиниши тўғримикан?
Маъмурахон Ҳалимова
Избоскан тумани
