Очиқ маълумотлар порталида 2000 йилдан бугунга қадар мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган олимпиада ғолиблари ҳақида маълумотлар бор.
Бу инсонларнинг аксари кейинчалик албатта, илм-фан йўлидан кетган.
«Ҳориждаги ўзбеклар» блоги мазкур маълумотларга таяниб, яқин тарихдаги фан олимпиадалари ғолибларининг айни кунда қаердалигини ўрганибди. Ўрганишларга кўра, уларнинг кўпи ҳорижий мамлакатларга чиқиб кетишган. Нуфузли университет ва компаниялардан қўним топишган:
1. Баҳриддин Абдиев, Қашқадарё вилояти. 2008 йил бронза олган. 2017 йилларда Австралиянинг Мелбурн университетида информацион технологиялар йўналишида магистратура босқичида ўқиган. Facebook саҳифасидаги маълумотга кўра, ҳозирда Австралияда дастурчи бўлиб ишлайди.
2. Диёра Салимова, Самарқанд вилояти. 2008 йил бронза, 200 йил кумуш олган. Маълумотларга кўра, ҳозирда Германияда яшайди ва Фрайбург университетида ишлайди.
3. Аброр Пирнапасов, Бухоро вилояти. 2009 йил бронза олган. Ruhr-Universität Bochum’да PhD, Италияда аспирантурада ўқиган. Маълумотларга кўра, ҳозирда Германияда яшайди.
4. Зариф Ибрагимов, Самарқанд вилояти. 2010 йил кумуш олган. Германиянинг Кил университетида магистратурани тамомлаган. Ҳозирда Швейцариянинг Берн университети докторанти. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Бироқ, энди икккинчи масалага ўтсак, Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дасутрида илм-фан кишиларини рағбатлантириш ва уларнинг маошини оширига доир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, сайлов олди дастурида илм аҳлининг маошларини икки баробарга ошириш хусусида ҳам сўз боради.
«Тил ва адабиёт, тарих, археология, маданият каби йўналишлар бўйича алоҳида илмий-тадқиқот дастурларини қабул қиламиз. Ушбу мақсадларга келгуси етти йилда 2 триллион сўм ажратилади.
Келгуси йилларда илмий ташкилот ходимларининг иш ҳақи 2 баробар оширилади», – деди Президентликка номзод Ш.Мирзиёев ЎзЛиДепнинг 11- сеъздида.
Йиғинда шунингдек, био-технология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқитишни йўлга қўйиш айтиб ўтилди.
«Бунинг учун 200 миллион доллар йўналтирамиз. Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади», деган амалдаги давлат раҳбари.
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илм-фан кишилари учун яхши ташаббуслар илгари сурилмоқда. Агар бу ишлар амалга ошса, Ўзбекистонни тарк этган ва тарк этаётган фан кишилари ватанга қайтармикан, ёки борларини олиб қола олармиканмиз?
Буни энди вақт кўрсатади. Аммо Президентликка номзодлар орасида илм-фан ва интелектнинг тараққиёти учун илгари сурилаётган мазкур ташаббус шубҳасиз, ривожланишнинг туб моҳиятини ифодалайдиган қувонарли янгилик бўлди.
Ishonch.uz мухбири тайёрлади
