Тасодифан яратилган буюмлар

50

Ихтирочилар доим янгилик устида ишлашади. Баъзида бу ихтироларга тасодифлар ҳам сабаб бўлади. Қуйида ўйланмаган, бироқ кутилмаганда туғилган ғоялар асосида яратилган оммабоп ихтиролар билан танишасиз.

Ёпишқоқ қоғозлар

Ёпишқоқ қоғозлар елимнинг мустаҳкамлигини ошириш мақсадида амалга оширилган муваффақиятсиз уринишларнинг оқибатидир. 1968 йилда 3М компанияси тадқиқот лабораторияси ходими ёпишқоқ лента (скотч) нинг мустаҳкамлигини оширишга ҳаракат қилади. Натижада у ўзи ёпишган юзада из қолдирмайдиган ғалати елим яратади. Кашфиётчи скотч учун кераксиз бўлган бу елимни нима қилишни билмайди. Орадан 4 йил ўтгач, унинг ҳамкасби китобларга изоҳ ёпиштириш мақсадида ана шу елимдан фойдаланади ва бугун ҳаммамиз яхши биладиган Пост-ит-Нотес яратилади. Ёпишқоқ қоғозлар биринчи марта 1980 йилда сотувга чиқарилган.

Супермаркетдаги аравача

Оклахома-Сити шаҳрида сотувчилик билан шуғулланган Силван Голдман харид аравачасини 1936 йилда ихтиро қилган. У озиқ-овқат дўконининг эгаси бўлган ва харидорлар негадир айрим махсулотларни сотиб олмаётганини узоқ ўйлаган. Эьтибор бериб қараса, бу маҳсулотлар кўтариб юриш учун оғир бўлганлиги боис харидорлар уларни сотиб олмас экан. Кашфиёт тасодифан юз берган: Голдман бир аёл оғир халтани ўйинчоқ машина устига қўйиб олганини ва уни ўғли ип билан тортиб кетаётганини кўриб қолади. Савдогар аввалига оддий халтага ғилдираклар ўрнаттиради, кейинроқ эса механиклар ёрдамида хозирги аравачаларнинг биринчи нусхаси яратилади. Аравачаларни оммавий ишлаб чиқариш 1947 йилдан йўлга қўйилган ва бу дўконларнинг янги кўриниши – супермаркетлар юзага келишига сабаб бўлган.

Резинка

1844 йилда ихтирочи Шарлз Гудийр тасодифан иссиқда бўшашиб кетмайдиган, аёзда эса қотиб қолмайдиган резина тайёрлаш усулини кашф қилади. Бу технологияга Гудийрнинг вулканизацияси номи берилади. Ўша пайт ишлатиш жуда қийин бўлган материал сифатини ошириш мақсадида роса уринган Гудийр кунларнинг бирида каучук ва қалайни ошхона печкасида қиздириб, аралаштиради ва резина моддаси хосил бўлади. Резинани исталган шаклга киритиш йўлининг кашф этилиши электроника саноатининг ривожида улкан инқилоб ясаган. Чунки бу модда ток ўтказмайдиган жуда қулай восита бўлиб, электр симларининг ҳаммаси резина билан ўралади. Гудийрнинг кашфиёти замонавий автомобилнинг дунёга келишига ҳам имконият берди.

 Кардиостимулятор

Юрак ҳасталигига чалинган миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериб келаётган бу ускуна тасодифан кашф қилинган. 1941 йилда мухандис Жон Хоппс харбий денгиз флоти буюртмаси билан гипотермия (тананинг ҳароратини тиббий йўл билан ўзгартириш) соҳасида тадқиқотлар ўтказади. Унинг олдига узоқ вақт аёзда қолган ёки совуқда жанг қилган инсон танасини зудлик билан иситиш йўлини топиш вазифаси қўйилган эди. Хоппс бунинг учун юқори частотали радиотўлқинлардан фойдаланган ва совуқ туфайли тўхтаб қолган юрак электр импулслари ёрдамида яна “ишга тушиб кетиши” мумкинлигини тасодифан сезиб қолган.

1950 йилда Хоппс ихтироси асосида биринчи кардиостимулятор яратилди. У жуда катта ва ишлатишга ноқулай бўлган ва баьзан бемор танасининг куйиш холлари хам содир бўлган. Тиббиётчи Уилсон Грейбетч эса бу соҳадаги иккинчи ихтирони амалга оширди. Энг қизиғи, у ҳам тасодифан рўй берган. Грейбетч юрак уриш тезлигини ёзиб борувчи мослама яратиш устида иш олиб бораётган эди. Бир куни у синовдаги ускунага тасодифан бошқа резисторни жойлаб қўяди ва электр занжирда юрак уришини эслатувчи тебранишлар бўлаётганини сезиб қолади. Икки йилдан сўнг Грейбетч юрак ишлаши учун сунъий импулсларни мунтазам бера оладиган биринчи электр кардиостимуляторни яратди. 

Антибиотиклар

1928 йилда олим Александр Флеминг замбуруғдаги пенициллин моддаси у синов ўтказаётган бактерияли моддага тушиб қолганини кўради. Микроскоп ёрдамида кузатиб, Флеминг пенициллин бактерияларни ўлдириб бораётганини англайди. Флеминг кашфиётининг аҳамияти 1940 йилда – бутун дунёда антибиотик-дорилар яратиш устида тадқиқотлар бошлангандан сўнг маълум бўлди. Бугунги кунда пенициллин антибиотиги тиббиётда энг кенг қўлланиладиган восита бўлиб, бутун дунё бўйича ишлаб чиқариладиган дориларнинг 15 фоизини ташкил этади.

Нодирабегим тайёрлади