Фарғонада мушукни ёқиб юборганлар иши қайта кўрилди. Айбланувчилар қамалган

36

Жорий йилнинг 16 июнь куни ижтимоий тармоқларда уч нафар шахснинг мушукни қафасга қамаб, бензин сепиб, ёқиб юборгани акс этган видеотасвир тарқалган эди.

Бир муддат ўтиб, Фарғона вилояти ИИБ ушбу ҳолатни содир этган шахслар аниқлангани ва МЖтКнинг 111-моддасига биноан улар БҲМнинг уч баравари миқдорида жаримага тортилганини маълум қилди.

Бироқ ижтимоий тармоқ фаоллари уларга нисбатан енгил жазо тайинлангани ва содир этилган ҳолат МЖтКнинг 111-моддаси билан нотўғри квалификация қилингани ҳақида ёзиб чиқишди.

Жамоатчилик назорати сабаб Қувасой шаҳар прокурори судга протест киритди. Прокуратура суддан ишни МЖтКнинг 111-моддаси 2-қисми (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) ва 189-1-моддаси (тазйиқни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) билан кўришни сўраган.

Бугун, 21 июнь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида 40 ёшли М. А., 28 ёшли А. А. ҳамда 18 ёшли А. А. ларга оид иш кўриб чиқилди.

Суд қарори билан юқоридаги моддалар асосида М. А. етти сутка, А. А. беш сутка ҳамда А. А. уч сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.