Синфхоналарда ўқувчилар сони ниҳоятда кўплиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши ҳақидаги фикрлар узоқ йиллардан буён кўпдан-кўп муҳокама ва эътирозларга асос бўлиб келмоқда. Чунки белгиланган меъёрларга мувофиқ, бугун шаҳарлар ва туман марказларидаги умумтаълим муассасалари синфларида 25-35 нафаргача ўғил-қиз таълим олаётир. Қишлоқларда бу кўрсаткич 20-35 нафарга тўғри келади.
Аммо ушбу тартибга барча мактабларда бирдек риоя қилинмайди. Шунинг оқибатида бир синфда 40-45 нафаргача бола ўқиётган мактаблар ҳам талайгина. Бундай шароитда бир нафар ўқитувчи дарс давомида шунча ўғил-қизга сифатли таълим бера олиши даргумон. Чунки у 45 дақиқалик дарс мобайнида аввал берилган уй вазифасини ўқувчилар қандай бажаргани ва ўтилган мавзуни нечоғли ўзлаштиришганини аниқлаши, сўнгра навбатдаги мавзуни тушунтириб, янги уй вазифасини беришга ҳам улгуриши керак. Агар дарс учун ажратилган вақтни ўқувчилар сонига тақсимласак, ҳар болага 1 дақиқадан вақт тўғри келади. Хўш, ўқитувчи юқорида эслатилган ишларни амалга ошира оладими? Йўқ, албатта!
Биз ҳавас қиладиган Финляндия мактабларининг битта синфидаги ўқувчиларнинг ўртача сони 19-20 нафарни ташкил этади. Демак, болалар сони биздагидан икки баробар кам, уларга ажратиладиган вақт эса шунча кўп. Бундан ташқари, ўқитувчига ёрдамчи ҳам берилади. Агар бирор бола дарсларни яхши ўзлаштиролмаса, ўқитувчи буни дарҳол сезади ва ўқув дастурини ўша ўқувчининг индивидуал эҳтиёжига қараб, қайта тузади.
Худди шу тартиб-қоида зериккан ёки таълим даражаси дастурдан ташқарида бўлган ўқувчилар учун ҳам жорий қилинади. Натижада ўқувчилар билан ўқитувчилар ҳақиқий дўстга айланишади. Болалар нимага қизиқсалар, ўша заҳотиёқ у ҳақда сўрайдилар, биргаликда тажриба ўтказадилар ва ўрганадилар. Бу жараёнда ўқитувчи вақт масаласида муаммога дуч келмайди. Ривожланган бошқа давлатлар ҳам сифатли таълим тизими яратишга ва юқори саводхонлик даражасига шу тариқа эришганлари айни ҳақиқат.
Синфда болалар сони қанча кам бўлса, уларнинг индивидуал таълим олиши шунча яхшиланади. Негаки, уларнинг билимли бўлишга интилиши ва иштиёқи бир-бириникидан кескин фарқланади. Қайсидир бола янги мавзуни тез ўзлаштиради, бошқасига эса уни қайта-қайта тушунтиришга тўғри келади. Қолаверса, муаллим фақат маъруза ўқиш билан чекланиб қолмай, ўқувчиларни эшитиши ва уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқиши лозим. Амалда-чи?..
Аксарият ҳолларда ўқувчилар фақат тингловчи бўлиб қолишади. Нари борса, уй вазифаси сўралганда, уни гапириб беришади, холос. Пировардида асосан ўргатилган нарсани такрорлайдиган, мустақил фикрга эга бўлмаган ёки уни баён эта олмайдиган шахсларга айланиб қолишади. Ўқитувчи уларнинг ҳар бирига етарли даражада эътибор бермас ёки улар билан мустақил ишламас экан, таълим сифати кўтарилиши тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.
Биз бир қанча педагоглар билан суҳбатлашганимизда, деярли барчаси синфда болаларнинг кўплиги самарали ишлашларини ва таълим беришларини янада мушкуллаштириб юбораётганини айтишди. Бу борада, айниқса, бошланғич синф муаллимлари ўринли эътирозлар билдиришди. Уларнинг таъкидлашларича, ушбу вазиятда ҳар бир боланинг қўлидан ушлаб ёздириш, алоҳида ўқитиб чиқиш лозим. Бунинг учун алифбо, математика, ёзув дарсларининг ўзига икки соатдан кўпроқ вақт керак бўлади. Индивидуал шуғулланилмаса, ўқувчининг сабоқларни ўзлаштириши сустлашиб бораверади. Унга вақтида эътибор қаратилмаса, кейинги синфларда ҳам оқсайверади. Охир-оқибат ўқишга, дарсларга қизиқиши пасаяди, мактабга бориш унинг учун шунчаки мажбуриятга айланиб қолади.
Кўпинча ўқувчиларда билим олишга иштиёқ йўқлиги ҳақида гапирилади. Ўқитувчи уларни қизиқтириши, дарсларни ноодатий усулларда ташкил этиши зарур. Бунинг учун, аввало, ўз устида ишлаши, замон билан ҳамнафас бўлиши, инновациялар ва янги технологиялардан фойдаланиши лозим. Лекин у бунга вақт топа олармикин? Ахир, шундоқ ҳам қоғозбозлик ва юкламалардан безор бўлган муаллим болаларни дарсларга янгича усуллар ёрдамида жалб этишга, уларнинг сабоқларни ўзлаштиришини мунтазам равишда назорат қилиб боришга қай даражада интилади?..
Бизнинг таклифимиз: синфлардаги ўқувчилар сонини имкон қадар қисқартириш даркор. Тўғри, бунга осонликча эришилмайди, у катта харажат ва маблағ талаб этади. Президентимиз ўтган йил январь ойида мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги ислоҳотларни кечиктирмаслик, таълим-тарбия бу – бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи эканини алоҳида таъкидлаган эди. Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйиш лозимлигини уқтирганди.
Маълумотларга қараганда, республикамиз бўйича 10 мингдан ортиқ мактабни ислоҳ қилиш кўзда тутилган. Бу жараёнда синфлардаги болалар сонини қисқартиришга, билим даргоҳидаги шарт-шароитларни шунга мослаштириб, синфхоналарни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратилса, нур устига нур бўлади. Зеро, бундай имкониятларнинг яратилиши фарзандларимиз сифатли таълим олишлари, фанларни пухта ўзлаштиришлари, ўқитувчилар ўз вазифаларини янада масъулият билан бажаришлари учун хизмат қилади.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,
ishonch.uz



