Сенат раиси: 150 минг сўм қарздорлик учун 300 минг сўм жарима солиш адолатдан эмас

67

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар борасида Сенат раиси қуйидагиларга алоҳида тўхталди:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янгилик ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим.

150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш – бу адолатдан эмас, албатта. Қолаверса, бундай амалиёт янги конституциявий қоидага, яъни фуқарога қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиблик принсипига асосланиши ва етарли бўлиши кераклиги қоидасига мутлақо зид.

Ёки маъмурий жарималарни МИБнинг исталган ижрочиси эмас, балки фақат раҳбар ходимлари қўллаши мумкинлигига оид норма ҳам эътиборга молик деб ҳисоблаймиз.

Фуқароларимиз манфаатларидан, қолаверса ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, қонунларимиздаги бу каби ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилаётгани бугунги кун талабига, фуқароларимиз манфаатларига жавоб беради.

Қонун имзоланиб, кучга кириши билан одамларимиз ушбу янгиликлардан ўз вақтида хабар топишлари зарур. Амалиётда эса юқоридаги каби ҳолатларга батамом чек қўйилиши шарт. Бу ҳақда фуқароларимиз барча ахборот ресурслари орқали (ТВ, матбуот, Интернет ва ҳ.к.) хабардор қилиниши керак.

Ушбу чора-тадбирлар қонуннинг асосий ижрочиси Мажбурий ижро бюроси томонидан ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарур.