Бепул касб ўргатиш марказидан халқ хабардорми? (видео)

172

Мутахассислар мотивация берадиган гапларни ҳам қимматга сотаётган даврда яшаяпмиз. Ҳар қадамда фалон пулга битта касбни эгалланг, деган эълонларга кўзимиз тушади. Ҳақиқатан ҳам, бугун ҳунар, тил ўрганиш учун шароитлар етарли. Бироқ ҳамма ҳам бу имкониятлардан фойдалана оляптими?

Республикамизда ишсиз юртдошларимиз учун касб-ҳунар ўргатиш мономарказлари ташкил этилган. Ушбу марказларда 30 дан ортиқ даромади юқори касблар ўргатилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти ҳақида маълумот олиш учун Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори ўринбосари Ҳабиба Исломовани суҳбатга чорладик.

— Мономарказнинг вазифалари нималардан иборат?

— Мономарказ давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 августдаги “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари билан ташкил этилган. Унинг асосий мақсади ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, белгиланган тартибда хорижга вақтинча ишга жойлашиш учун кетаётган фуқаролар кўникмаларини оширишдан иборат.

Мономарказ битирувчиларининг касбий малакасини миллий ва WоrldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакат ҳудудида ва халқаро даражада тан олинадиган Skills паспорти берилишини йўлга қўйиш ва уларни тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрига ўрнатилган тартибда киритиш йўлга қўйилган.

— Мономарказ қайси ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайди?

— Биз ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари ҳамда яна кўплаб йирик ташкилотлар билан ишлаймиз. Хорижий ҳамкорларимиз ҳисобланган Жанубий Кореянинг Чунганг меҳнат ва иқтисодиёт тадқиқоти институти қошидаги Марказий касб-ҳунар мактаби, Хитойнинг Нанкин политехника институти, Россия халқлар дўстлиги университети, Германиянинг GLOBOGATE Recruiting GmbH va Viessman Werke GmbH & Co KG компаниялари каби халқаро корхона ва ташкилотлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

— Мономарказ олдига қўйилган асосий вазифалар нималардан иборат?

— Талаб ортиб бораётган 8 турдаги соҳа бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этиш режалаштирилган. Хабарингиз бор, қуёш панелларини ўрнатишга бўлган талаб ошмоқда ва айнан шу йўналишда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш арафасида турибмиз. Қолаверса, электр автомобиллар устаси, мебелчилик, қурилиш соҳаси усталарини тайёрламоқчимиз. Ўқитиш 3 ой, айримлари 6 ой давом этади. Мономарказлар томонидан битирувчиларга касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат – давлат намунасидаги сертификатлар берилади. Битирувчилар ушбу сертификатлар билан бемалол мутахассислик ишларига жойлашиши ва юқори даромадга эга бўлиши мумкин.

— Мономарказда дарс ва машғулотлар қандай ташкил этилган?

— Ўқув машғулотларида 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий билимлар берилади. Ҳафталик ўқув юкламаси 30 соатни ташкил этади. Битирувчиларнинг касбий малакасини “WorldSkills International” стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган “Skills” паспорти берилиши назорат қилинади. Қолаверса давлатимиз томонидан “Имкониятлар маркази” ташкил этилган бўлиб, мазкур марказ орқали имконияти чекланган фуқароларга ҳам касб-ҳунар ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

— Тошкентдаги бир қатор мардикор бозорларида бўлиб, мономарказ фаолияти ҳақида гапирганимизда, у ердагиларнинг аксарияти бепул касб ўргатадиган бундай марказ борлиги ҳақида эшитмагани маълум бўлди. Бу тизимни янада оммалаштириш, тарғиб қилиш керак зарурмикан, деб ўйлаб қолдим…

— Одамлар кўп йиғиладиган, гавжум жойларга чиқиб, тарқатма рекламаларимизни берганмиз. Ходимларимиз билан замонавий касбларни, хорижий тилларини бепул ўргатадиган масканлар ҳақида маҳаллаларда чиқишлар ўтказиб турамиз. Қолаверса, меҳнат ярмаркаларида фаолмиз. Ижтимоий тармоқларда электрон тарғибот ишларини ҳам ўтказиб келяпмиз. Фаолиятимиз тилга тушиши учун жамоатчи фаолларнинг ҳам иштироки керак деб ўйлайман. Ёлланма ишчилар билан ҳам юзлашганмиз, афсуски, айтганингиздек, улар мономарказлар фаолиятидан хабарсиз.

— Мисоллар билан айтсангиз, 100 нафар аёлга марказ ҳақида маълумот берилганда уларнинг қанчаси келиб, ҳунар ўрганишган?

— Талабгорлар сафи сезиларли ошади, албатта. “Касбларни чиндан бепул ўргатасизларми?” деб, ҳайрон қолишади.

Феруза РАҲИМОВА
Қувонч ТЎРАЕВ