Япония тажрибаси: болаларни чақалоқликдан боғчага қабул қилиш

115

Японияда деярли барча боғчалар хусусий экан, давлат боғчалари деярли йўқ, – дейди Япония сафарида бўлиб турган таълим бўйича эксперт ва жамоат фаоли Бектош Ҳатамов. Унинг айтишича, фуқаролар боғча учун тўловни тўғридан-тўғри боғчада амалга оширишмайди. Қандай қилиб дейсизми?Давлат боғчаларни юритмайди, чунки бу жуда катта маблағ ва жуда ҳам кўп микроменежментни талаб қилади. Боғчага болалар 50 кунликдан олинади, яъни чақалоқликдан бошлаб ота-она болаларини боғчага топшириб ўзи ишга чиқиб кетавериши мумкин.

Бу билан ҳукумат нимадан ютади? Ишчи кучи қанчалик тезроқ ишга чиқса, давлатга шунчалик фойда, асосийси, туғруқдан кейин аёлларнинг ишга чиқишиn таъминланади.
Энди боғча учун пулни ким тўлайди, деган саволга келсак. Ҳокимият барча боғчалар билан шартнома қилиб қўйган, боғча ҳар бир бола учун нархни ўзи белгилайди ва ҳокимиятга таклиф беради, ҳокимият ўша пулни тўлайди.

Ҳокимият пулни кимдан олади?

Фуқаролар пулни ҳокимиятга тўлайди, ҳар бир фуқаро ўз даромадидан келиб чиқиб ҳар хил нарх тўлайди, масалан, талабалар бир бола учун 50 доллар тўласа, бойлар бир бола учун 1000 доллар ҳам тўлаши мумкин. Ҳамма даромадлари тўғрисида декларация тўлдиради ва шунга кўра бола учун тўланадиган сумма келиб чиқаверади. Мактаб эса ҳамма учун текин. Кўп фарзандли бўлсангиз, сизга пул ҳам тўлашади, ҳатто.Боғчага эса ҳокимият ҳар бир бола учун ўша келишилган пулни тўлайверади, натижада бойнинг фарзанди ҳам, молиявий шароити унча яхши бўлмаган одамнинг фарзанди ҳам бир хил сифатдаги таълим олади. Ҳатто боғчанинг ўзи ҳам ким 50 доллар, ким 1000 доллар тўлаганини билмайди. Ҳокимият бола сонига пулни ташлаб бераверади.

Японияда Мактабгача таълим вазирлиги, уларнинг бўлинмалари ҳам йўқ. Асосий вазифани ҳукумат пул билан ҳал қилиб қўйган, яъни хусусий боғча очаман десангиз, ҳокимият сизни қўллаб-қувватлайди. Сиз бола топаман деб юрмайсиз, ҳокимият ўзи сизни бола билан таъминлайди, пулини ҳам тўлайди.

Кўринишидан оддий, лекин жуда мантиқли қарор экан. Вазирлик оч, вазирликни ёп, кейин агентлик қил, агентликка директор қил, кейин яна ёп, яна оч қилиб, бюджет пулини исроф қилгунча мана шунақа йўл билан ҳаммасини ҳал қилиб қўйса бўлар экан, – деб ёзади жамоат фаоли мақола якунида.