“Одамлар китобни танлаб ўқимоқда» –  Бугунги замон кутубхоначиси

77

Нурота тумани ахборот-кутубхона марказида 22 йилдан буён ишлаб келяпман. Бу вақтда шуни тушуниб етдимки, китобхонлар орасида уюшмаган ва ишсиз ёшлар, катта ёшдаги нуронийлар, мансабдорлар, уй бекалари, ва афсуски, мактаб ўқувчилари ҳам озчиликни ташкил этади.

Яқинда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўчма кутубхона ташкил қилдик. Унда инсонни мушоҳада қилишга, оиладаги муҳитни мустаҳкамлашга ундайдиган ажойиб асарлар бор. Мақсадимиз «Ҳар бир хонадон – китобхон» лойиҳаси доирасида оилаларга кириб бориш, уларнинг маънан ва руҳан ўсишига кўмаклашиш эди. Фаолият давомида «Миришкор», «Ғафур Ғулом», «Мустақиллик» маҳаллалари аҳлининг мутолаага бўлган истак ва иштиёқини ҳам ўргандик. Кўрдикки, одамларда қизиқиш бор.

Энг муҳим янгилик шуки, бугун одамлар китоб танлай бошлашди. Сир эмас, баъзи бир китобхонлар Алишер Навоий, Бобур каби классикларимизнинг асарларини ўқишга анча қийналишига ҳам гувоҳ бўлдик. Демак, китобхонликни халқимиз орасида кенг тарғиб этиш учун мумтоз асарларни тушунишни осонлаштирадиган қўлланмаларни ҳам кўпайтириш лозим.

Китоб кириб борган оилада нур таралади, аҳиллик, сабр-қаноат, меҳр-оқибат бўй кўрсатади. Кунларнинг бирида ишхонамизга бир онахон келди ва узоқ вақт китоб танлади. Жавонлардаги китобларга диққат билан кўз югуртирди. Қулай фурсатини топиб, онахон билан танишиб олдим.

– Эрта турмушга узатилган эдим, – деди суҳбатда у. – Қизим Зумрадхон туғилганда бола тарбиялашни билмас эдим. Шундай кунларда қайнонамдан тенгсиз такаллуф ва меҳр кўрдим. Билмаганларини эринмасдан, койимасдан ўргатди. Орадан йиллар ўтиб, яна икки фарзандли бўлдим. Ҳаётимиз изига тушди. Ўша пайтларда қайнонамнинг ёшлари анча улуғ бўлса-да, қўлидан китоб тушмасди. Ўзи ўқиган китобларни менга бериб, диққат билан ўқиб чиқишимни тайинларди. Шу-шу мен ҳам китобга меҳр қўйдим. Аллоҳга шукр, фарзандларим ҳам адабиётга меҳрли бўлиб ўсдилар. Билмадим, агар қайнонам кўп китоб ўқимаганда, бизларга нисбатан қаҳр-ғазабли бўлармиди? Айнан китоб ва китобхон қайнонам туфайли бизнинг оиламиз ҳамма ҳавас қиладиган даражага етди…

Китобхонликнинг фойдаси ҳақида, афсуски, ҳаммамиз ҳам етарли тушунчага эга эмасмиз. Адабиёт инсон ҳаётини, унинг оиласидаги муҳитни тубдан ўзгартириб юборишга қодир. Қанийди, китобсевар нуронийлар, ака-укалар, опа-сингиллар кўпайса, нур устига нур бўларди.

Зебинисо ИБРОҲИМОВА,
Нурота тумани ахборот-кутубхона маркази
бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси