Мутахассис билан таҳлилий суҳбат:
2-қисм
Кеча суҳбатдошимиз тажрибали педагог ва пойтахтимиздаги Profi school хусусий мактаби директори Хуршид Тўхтаназаровнинг халқ таълими тизимида инглиз тилини ўқитиш нега самара бермаётгани ҳақидаги мулоҳаза ҳамда таклифларини ҳавола этгандик. Бугун эса мутахассис ота-оналар ҳамда тил ўрганувчиларга фойдали бўладиган тавсия ва маслаҳатларини баён этади.
– Хуршид ака, ўқувчиларнинг ёши, сони ва даражаси уларнинг тил кўникмаларини ўзлаштиришга қай даражада таъсир кўрсатади?
– Ҳар қандай мактабда хорижий тилларни ўрганишда синф иккига бўлиниб ўтилади. Масалан, давлат мактабида умумий 30 нафар бола бўлса, бўлинганда улар гуруҳларда 15 нафардан қолади. Бизда, яъни хусусий мактабда эса бир синфда 18-20 нафар бола бор. Уларни иккига бўлсак, 9-10 нафардан бўлади. Қолаверса, уларнинг ичидан ҳам даражаси фарқ қиладиган болалар билан алоҳида, қўшимча машғулотларда ишлаймиз. Мактабимиз хусусий бўлгани учун шундай кичик гуруҳлар қилиб, ўқувчиларнинг даражалари бўйича ишлаш имкониятимиз бор. Аммо республика мактабларида бундай ишлашнинг имкони йўқ. Энди 15 нафардан бўлинган гуруҳларда 3-4 хил даражадаги болалар бўлади. Ёки бўлмасам, 40-45 нафарлик синфлар-чи? Уларни бўлганингизда ҳам камида 20 нафардан ошиқни ташкил этади. Ваҳолангки, бу ҳам тидни яхши ўрганишни чеклайдиган жиҳати. Давлат мактабларида масаланинг бу жиҳатини ечиш қийинроқ. Шу боис ота-оналар фарзандларини ўқув марказларига, репититорларга беради.
Яқинда бир ўқувчимнинг онаси айтиб қолди. «Шу боламнинг акаси ҳозир Америкада, инглиз тилини зўр билади. Жуда яхши ўқиган. Анув куни телефон қилиб, укаси билан гаплашган эди. «Ноль экан бу, нега яхши ўқитмаяпсизлар» деди, – деб қолди. Шунда савол туғилади: акаси қачон ўрганган инглиз тилини, ҳозир қаерда яшаяпти, қачон кетган Америкага? Билсак, у ҳам 6-7 синфдан бошлаб ўқув марказларига қатнаб ўрганган, олий таълимни битириб Америкага кетган. Ва анча йиллардан буён у ёқда яшаяпти. Бундай ҳолатда ўзининг даражасида укасига баҳо бераяпти. Бу нотўғри.
Тўғри, баъзида 7-9- синф ўқувчиси IELTSдан 7-8 бал олди деган хабарларни эшитиб қоламиз. Шунда ҳам хурсанд ва ҳайрон бўламиз. Хурсанд бўлишимизнинг боиси шундаки, бу ёшда халқаро сертификат олиш ва яна юқори бал олиш бу боланинг ноёб қобилият эгаси эканини билдиради. Чунки IELTS бўладими, ТOEFL ёки ўзимизнинг Миллий сертификат тизими бўладими, фақатгина тилни билиш эмас, уни кенг маънода қўллай олишни талаб қилади. Тилни кенг маънода қўллаш бу нима дегани? Бу дунёни таниш ва билганларини кенг маънода инглиз тилида ифодалаб беришдир. Демак, 13-14 ёшда буни уддалаётган бўлса, унга қойил қолиш керак. Чунки бу ёшда халқаро сертификат олган бола тенгдошларига нисбатан анча улғайган, тенгдошларига қараганда фикрлаши ҳам чуққурроқ бўлади. Уларни алоҳида иқтидорли бола дейишимиз мумкин. Аммо уларни кўриб, «Нега менинг болам 7- синфда IELTS олмаяпти?» дейиш хато. Чунки бу имтиҳонлар вояга етганлар учун мўлжалланган тест тизими.
Олайлик, 3- синфда ўқиётган бола хорижда яшаган, инглиз тилида мулоқот қилиб улғайган бўлиши мумкин. Аммо IELTS, ТOEFL даражасида иншо ёзиб беролмаслиги мумкин. Ёки глобал исиш, иқлимнинг бузилиши ҳақида иншо ёзиб беринг, дейилса, 13 яшар боланинг иқлим ўзгариши ҳақида фикрлари шаклланмаган бўлса, у тилни зўр билса ҳам бу мавзуда ёзиб беролмайди. Шунинг учун тил билишнинг бу каби ёшга доир жиҳатлари ҳам бор. Мен ота-оналарга айтаман, сабр қиласиз, 10-11 синфга келганда ҳосилни йиғамиз, кўрасиз, деб.
– Ҳозир ёз фасли. Ота-оналар фарзандларини турли ўқув марказларига тил ўрганишга олиб боришади. Уларга ўз тавсияларингизни берсангиз. Қолаверса, яхши ўқув марказни қандай танлаш мумкин?
– Биринчи тавсиям, бораётган жойини бошқалар тавсия қилаяптими? У ерда ўқиганлар борми, шуни суриштириш керак. Ёки ижтимоий тармоқларга кириб ҳам суриштиришади, «Яхши врач топиб беринглар, яхши ўқитувчи топиб беринглар» деб. Шу ҳам энг қулай йўли. Яна бир йўли, ота-она ўзига ҳудудий жиҳатдан қулай, яъни, бир соат вақти йўлда кетмайдиган жойни ва нархи ҳам қулайини танлаши керак. Ҳозир жойларда марказлар кўп. Бориб кўриш, 2-3 кун бола дарсда ўтириб кўриши керак: бола ўзини қандай ҳис қилаяпти, қизиқиш пайдо бўлдими, дарсга, устозга? Эринмасдан бошқасига ҳам олиб бориш керак. Максимал даражада танишларидан суриштириб, тавсия билан борган маъқул. Чунки одамлар ўзининг танишига синовдан ўтган устозларни ва марказларни тавсия қилади. Шундан кейин ҳам бориб, синаб кўрардим. Балки у ердаги ўқитувчи яхши бўлиши мумкин. Аммо унинг методикаси менинг фарзандимга тўғри келмаслиги мумкин. Бу биринчи қилинадиган иш.
Кейин эса, бир даражани тугатганидан кейин уни бошқа бир марказга ёки экспертга олиб бориб, билимини синаб кўриш керак. Даража билан даражанинг фарқи бор. Масалан, бола «Elementary» даража олган бўлиши мумкин, аммо боланинг ўзлаштириши унинг энг юқориси ёки энг пасти бўлиши мумкин. Яъни, «Elementary» даража учун 12дан 20гача бал тўплаш керак. Бола эса энг пастки — 12 бални олди, дейлик. Аслида 12 ҳам, 20 ҳам меъёр. Қайсидир ўқитувчи «Бўлди, ҳаммаси яхши!» деб кейинги босқичга ўтиб кетавериши мумкин. Аммо агар инсофли ўқитувчи бўлса ота-онага, болангиз «Elementary» даражасини олди, аммо энг паст – 12 бал билан олди, деб тушантиради. Ва бу даражани мустаҳкамлаш учун яна бола билан икки ҳафтача шуғулланади. Унинг билимларини мастаҳкамлайди. Ҳозир Ўзбекистонда етти марта «Elementary» даражасини ўтаган ўқувчилар бор, ҳар йили янги ўқув марказига боради ва у ерда «Elementary» даражасини ўқийди. Кейин ташлаб қўяди ва келгуси йили яна шу даражани бошидан бошлайди. Натижада бир жойда тураверади, силжиш бўлмайди. Сабаби бунга ўқувчининг доимий ҳаракат қилмаганлиги, ўз устида ҳам ишламаганлиги. Қолаверса, устозлар уч ой бўлди, кейинги босқичга ўтиш керак деб, ўтиб кетаверганидан. Йўқ, кейинги босқичга уч ой ўтганлиги, китобни тугатганлиги учун ўтиш керакмас. Инглиз тилида «Learn» ва «study» деган сўзлар бор, яъни «ўрганмоқ» ва «ўтмоқ». Биз мактабда кимё ўтганмиз, деймиз. Ёнидан ўтиб кетаверганмиз. Кимёни ҳамма ўтган, аммо ким кимёни билади? Шу боис ўтиш эмас, ўрганиш керак. Уч ой ўтганлиги, олти ой ўтганлиги муҳим эмас.
– Чет тилини ўқитувчининг дарсидан ташқари яна қай тарзда мустаҳкамлаш лозим бўлади, натижага эришиш учун?
– Фақатгина ўқув марказига борганидагина инглиз тили билан шуғулланиш бу жуда камлик қилади, тил ўрганиш учун. Ҳеч бўлмаганда уйда ҳам бир ярим соат шуғулланиш, диалоглар, аудиосуҳбатлар эшитиш лозим. Ҳаётингизни ўқув марказидагидан ҳам ташқари вақтда инглиз тили билан қамраб олмасангиз, сиз умуман яхши натижага эришолмайсиз. Ҳозирги вақтда ёшларимиз тик-ток ва бошқа ижтимоий тармоқларда 2-3 соатлаб вақтини шунчаки беҳуда ўтказиб юборишаяпти. Ундан кўра, юқорида айтганимдек, вақтларини тўғри ва керакли машғулотлар билан шуғулланишга сарфласалар, келажакда ас қотади. Шунинг учун аввало, ота-оналар ва ёшлар бош мақсадимизни ва ундан кутилаётган кутилмаларни тўғри қўйиб, аниқлаштириб олсак, натижамиз ҳам шунга яраша бўлади.
– Болаларга тилни индивидуал ўргатан яхшими ёки гуруҳларда?
– Айримлар боламни индивидул дарсларга берганим яхши, деб ўйлашади. Шуни билиш лозимки, юқорида айтганимиздек, нутқ бу инсонга хос ва ижтимоий ҳодиса. Уни одамларсиз ўрганиб бўлмайди. Тил учун мулоқот муҳити бўлиши керак. Ёки битта одам билан ҳам ўрганиб бўлмайди ва буни тавсия қилмаган бўлардим. Маълум даражага келгандан кейин, масалан, «Intermediate» даражагача гуруҳда ўрганиб, кейин индивидул тарзда машғулотлар олишни тавсия қиламан. Чунки «Intermediate» даража ҳам анча юқори даража бўлиб, шундан кейин IELTS, ТOEFL кабиларга тайёрланиш мумкин. Аммо гаплашишни ўрганиш, тилга соҳиб чиқиш учун энг камида 5-6 кишилик кичик гуруҳларда ўрганиш керак. Чунки ҳар қандай дарс, ҳар қандай гуруҳларда бир соатлик бўладими, бир ярим соатлик бўладими ўз ичида 4-5 дақиқалик кичик spieking машғулотларини олади. Унда гуруҳ бўлиб, диологлар тузиш, дебатлар қилиш, савол-жавоб тайёрлаш, тортишув ва баҳсли мулоқотлар қилишга тўғри келади. Устоз, яъни даражаси юқори бўлган одам билан бундай мулоқотларга кириша олмайсиз. Шу боис бошланғич – биринчи, иккинчи ва учинчи даражага етганда болани индивидуал эмас, гуруҳ дарсларига берган маъқул.
– Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат, саломат бўлинг!
Ishonch.uz мухбири
Зебо Намозова суҳбатлашди.
Оператор: Қувончбек Тўраев.