Украина элчихонаси ўзбекистонликларга жиддий огоҳлантириш билан чиқди

60

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаат билан чиқиб, фуқароларни урушда иштирок этмасликка чақирди.

Элчихонага кўра, айни вақтда Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилган жанговар ҳаракатлар пайтида Россия армияси таркибида ўзбекистонликларнинг борлиги ҳам аниқланган.

“Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, вақтинча ишғол қилинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган.
Ушбу шахслар Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудига қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол (Украина) шаҳрига етиб келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар Россия Федерацияси кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган”, – дейилади элчихона хабарида.

Элчихона, шунингдек, ўзбекистонликларни Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашмасликка ва вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирган.

“Украинага қарши қуролли тажовузда иштирок этган чет эл фуқаролари Украина миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади”, – дейилади расмий хатда.

Элчихона Ўзбекистон фуқароларини қурилиш ёки бошқа ишларда иштирок этиш учун Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмасликка чақириб, “ноқонуний равишда келган чет эл фуқаролари босқинчиларнинг шериклари деб ҳисобланиши” ва Украина қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.