Масъуллар аравани қуруқ олиб қочишда пири комилга айланяптими?
Биз журналистларни нима қийнайди? Халқ олдида, давлат раҳбари олдида катта-катта ваъдалар берадиган раҳбарларни матбуот анжуманларида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан саволга тутишни ва шу саволларга жавоб олишни истаймиз.
Аммо, минг афсуски, охирги вақтларда вазирлигу, агентликларда рўй бераётган ҳолатлар бўйича журналистик суриштирув ўтказиш у ёқда турсин, ҳатто улардан жўяли жавоб олишнинг ўзи машаққат бўлиб бормоқда.
Журналист халқ билан амалдор ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келади ва табиийки иш жараёнида тез-тез мутасадди ташкилотларга иши тушади. Илгари муҳокамага сабаб бўлган бирор бир ҳолатга ойдинлик киритиш учун ташкилот ва вазирликларга хат билан мурожаат қилишга тўғри келарди. Бугун бу тартиб анча юмшади, лекин, ҳали-ҳамон эски қолипда қолиб кетган идоралар ҳам йўқ эмас.
Ҳатто айрим матбуот котиблари ўзини худди раҳбарининг адвокатидек тутади. Бу тоифага бирон бир масала юзасидан мурожаат қилиб қолсангиз борми, «навбатдаги матбуот анжуманимизни кутинг», дейишдан нарига ўтмайди. Навбатдаги матбуот анжуманига бориб эса қуруқ ҳисобот эшитиб келасиз, холос.
Кунда-кунора ўтаётган брифинглар мақсадсиз, фақат ўша ташкилотнинг рекламаси учун ишлаётгандек гўё…
Мисол учун ўтган етти ой мобайнида АОКАда 210 маротаба брифинг ва 51 марта матбуот анжумани ўтказилибди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, вазирликлар матбуот анжуманларини ўтказишда анча орқада. Ҳатто йилнинг ярмигача бирор марта матбуот анжумани ўтказмаган вазирликлар бор.
Энг кўп жамоатчиликнинг диққат марказида бўлган Ички ишлар вазирлиги шунча шов-шувли воқеалар бўлиб ўтишига қарамай, на матбуот анжумани, на брифинг ўтказди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам яқин орада матбуот анжумани ўтказгани йўқ.
Катта тадбир ва давраларда Конституцион ислоҳотлар, сўз эркинлиги, очиқлик сиёсати, инсон ҳуқуқлари ҳақида баландпарвоз нутқлар сўзлайдиган амалдорларнинг ОАВ ва журналистлар учун ҳамон очиқ эмаслиги кишини ўйга толдиради…
Аксарияти камера қаршисида «қовун» туширишдан қўрқади ёки эфирга беришдан олдин бизга тасдиқлатинг дейишади. Микрофон билан қаршисидан чиққан журналистни кўрса, қочади!
ОАВда фаолият кўрсатаётган журналистлар ҳам бугун амалдорлардан интервью олиш машаққатнинг ўзгинаси бўлиб қолганлигини тасдиқламоқда.
Дилбар Аралова, «Zo’r TV» канали «Бу кун» дастури муҳаррири:
– Мутасадди раҳбарларнинг телефон рақамини топишнинг ўзи муаммо. Журналист учун ўша масъулни топа олиш биринчи ютуқ бўлса, ундан изоҳ олишга кўндириш иккинчи ғалаба десам, муболаға бўлмайди. Муаммо айтилади, ечим борасида ва ёки ҳолат юзасидан саволга жавоб сўралади. Аммо аксарият раҳбарларнинг телефон қилган вақтингизда тўсатдан мажлиси чиқиб қолади ёки селектори бошланади…
Республика миқёсидаги ташкилотлар, вазирликларнинг аксариятидан изоҳ олиш жуда қийин. Уларни бунга кўндирган вақтингизда ҳам арзирли жавоб беришмайди. Ҳоли-жонига қўймасангиз, мавзуга умуман алоқаси йўқ, бундан бехабар инсонга рўбарў қилиб, ўзлари сувдан қуруқ чиқиб кетишади. Қисқаси, бугун айрим раҳбарларни мақтовга ҳам топиб бўлмаяпти.
Бир вазирликнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаётган навбатдаги суҳбатдошимиз, исми сир тутилишини сўраган ҳолда вазиятни қуйидагича изоҳлади:
– Хабарингиз бор, матбуот анжуманларида кўп амалдорлар кетма-кет «қовун» туширди ва уларнинг айримлари ҳамон халқда ҳазил ўрнида ишлатилади. Матбуот анжумани ўтказишимиз керак десак, барча раҳбару, ўринбосарларимиз норози бўлиб туришади ёки кейинги ойда, чоракликда ўтказайлик дейишади.
Ҳамкасбларимнинг эътирозларига қўшиламан. Давлат идоралари доим халққа яқин бўлиши учун журналистлар билан алоқани яхшилаши лозим.
Хўш, нима учун амалдорлар матбуот анжуманларидан ўзини олиб қочмоқда? Қачонгача ўз курсисини қўриқлаб ўтиради? Халқнинг қаршисига чиқиб, муаммоларни тан олмагач, ҳеч йўқ журналистларга ҳисоб бериши керак эмасми?
Тўғри, тизимдаги муоамоларни яширмайдиган, журналистларга ҳамиша очиқ вазирлик ва идоралар ҳам бор. Улар ҳақида ҳам икки оғиз гап айтмасак бўлмайди.
Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги вазири Амрилло Иноятов шахсий телефон рақамини оммага ошкор қилиб, муаммолар билан танишиб чиқмоқда. Бундай амалиётни бундан илгари Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовда кузатган эдик.
Журналистлар, блогерлар мени безовта қилмаса бўлди қабилида ишлаётган раҳбарлар ана шулардан ўрнак олиб, иш тутса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зотан, дўстона мулоқот ҳамиша тизим фойдасига хизмат қилади.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz
