«ЎЛСАМ ЎЗИМ АЙБДОР БЎЛАМАН» – қурилишда ишлаётганлардан шундай тилхат олинмоқда

263

Қонун бунга нима дейди?

Яқинда Тошкент вилоятида уч нафар ишчининг «канализация»ни тозалаш учун тушиб вафот этгани, яна бир киши жонлантириш бўлимига тушгани ҳақида хабар қилинди.

Текширув натижаларига кўра, уларнинг ўлимига водород сульфидидан ўткир заҳарланиш, ўткир нафас юрак қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлган. Ушбу вилоятдаги қурилишларнинг бирида юз берган яна бир ҳолатда эса, ишчилардан бири тўртинчи қаватдан йиқилган. Ҳозир у касалхонада бўлиб, соғлигига у қадар жиддий жароҳат етмаган. Умуман олганда, бугун мамлакатимизда қурилиш ва таъмирлаш, турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ишлари шиддат билан олиб бориляпти. Шундай пайтда табиий савол туғилади: Хўш, уларда меҳнат муҳити қанчалик хавфсиз?
–Ҳозирда қурилиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларинида меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ҳолатларини аъло даражада деб бўлмайди, — дейди Тошкент вилояти Давлат меҳнат инспекцияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича техник инспектори Бахтиёр Қодиров. –Кўнгилсиз ҳодисалар асосан, иш берувчи томонидан хавфсизлик шароитларининг яратилмаганлиги, инструкция қоидалари бўйича тушунчалар берилмаганлиги ва ходимнинг билимсизлиги, ўзбошимчалиги сабабли юз бериши мумкин.

Йил бошидан бери вилоятимиз ҳудудлари бўйича жами 70 дан ортиқ хавфсизликка риоя қилинмаганлик ҳолатлари аниқланиб, иш берувчи ва ишчи-ходимларга нисбатан чоралар кўрилган. Айнан ҳозирги долзарб мавсумда бир неча ўнлаб корхоналардаги меҳнат муҳитида бундай қалтис ҳолатларни кузатиш мумкин. Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, мутахассислар томонидан зарур чоралар кўриляпти.

— Мен Андижон вилоятидан Нурафшон шаҳридаги қурилишда ишлаш учун келганман, – дейди исми сир қолишини истаган ишчилардан бири. –Келган кунимиз бизларга қоғозга имзо чектиришди. Бу қоғозларни ҳеч биримизга ўқишга беришмади. Сўрасак, агар иш пайтида нимадир бўлса, бунга ўзимиз айбдор бўлар эканмиз. Бу ерда ётоқ шароитлари ҳам йўқ. Мен оилам билан ойига 2 миллион сўмдан тўлаб, ижарада бўлса ҳам яшашга мажбур бўляпман. Чунки умуман шароит йўқ, уч маҳал эмас, бир маҳалгина овқат берилади. Сифатсизлиги учун уни еб ҳам бўлмайди. Ишчиларнинг кўпи кўчадаги тамаддихоналардан ўз ҳисобидан овқатланишга мажбур. Агар ётоқ ва овқатланиш учун етарли шароитлар яратилганида мен ҳам ортиқча чиқим қилиб, ижарада туришга мажбур бўлмасдим.

Қурилишдаги хавфсизликни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ҳеч қанақа махсус кийим-бош, хавфдан сақловчи тасмалар берилмаган. Яқиндагина бир шеригим тўртинчи қаватдан тушиб кетди. Ҳозир у касалхонада.

Меҳнат қонунчилигига кўра, қурилиш-таъмирлаш ёки ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган меҳнат муҳитида ишловчи ишчилар иш берувчининг ташаббуси билан тиббий кўрикдан ўтказилиши, махсус инструктаж ўтилиши, уларга хавфсиз меҳнат муҳити, яшаш учун шароитлар яратилиши керак. Лекин юқоридаги ишчи айтганидек, аввало хавфсиз шароитни яратиб бериш ўрнига, “бирор нохуш ҳолат юз берса ўзинг айбдор бўласан” қабилидаги қоғозларга имзо чектириш нимага керак? Ўзи шундоғам олис вилоятдан тирикчилик дардида келган ишчининг шароитлар йўқлиги ва етарли озиқ-овқат билан таъминланмаслиги сабабли ижараларда сарсон бўлишини қандай тушуниш мумкин?

Сўнгги пайтларда қурилиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳодисалар кун сайин ортиб бораётгандек. Чунки кимнингдир баландликдан йиқилгани, ишлаб чиқаришда жароҳатлангани, заҳарлангани, ўлим ҳолати юз бергани каби совуқ хабарларга ўрганиб ҳам қолдик.

Ҳозир матбуотда ва бошқа ижтимоий тармоқларда меҳнат муҳитининг хавфсизлиги, иш берувчиларнинг жавобгарлиги, ўз навбатида ишчиларнинг ҳам қоидаларга риоя қилиш шартлари тўғрисидаги турли ижтимоий роликлар, чақириқлар етишмайди.

Бугун юртимиздаги бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзингиз қувонади. Аммо унинг ичида нималар бўляпти, ишчилар учун барча зарур шароитлар яратилганми, нима учун бунинг назорати суст? Нима учун матбуотда хавфсизлик борасидаги хабарлар жуда кам? Бу кетишда кўнгилсиз ҳодисаларнинг ҳали яна давом этмаслигига ким кафолат бера олади?

Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz