Қолаверса, раҳбар кадрларни коррупцияга қарши курашиш доирасида Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабида ташкил этиладиган махсус ўқув курсларида ўқитиб келиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида Сингапур тажрибаси асосида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.
Бу борада Аксилкоррупция агентлиги ҳамда Сингапур томони билан келишувлар имзоланган.
Агентлик раҳбари Акмал Бурхановнинг маълум қилишича, Сингапур давлатига бўлган ишчи сафар давомида улар Сингапур Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси, Бош прокуратураси, PSB Академияси, Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби каби ташкилотларга борган ва ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказган.
«Музокаралар давомида бир қатор масалаларни муҳокама қилдик ва келишувларга эришдик. Хусусан, Сингапурнинг коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чораларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда ушбу мамлакат тажрибаси асосида ёшлар, шу жумладан, мактаб ва олий таълим муассасаларида ҳалолликни тарғиб қилишга қаратилган махсус ўқув дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш масалаларида келишувга эришилди», – дейди Бурханов.
Шунингдек, Ўзбекистонда замонавий аксилкоррупция механизмларини ишлаб чиқишда Сингапур аксилкоррупция бюроси экспертларини жалб қилиш ва давлат хизматчиларини Сингапур тажрибаси асосида қисқа муддатли курсларда малакасини ошириш борасида ҳам музокаралар бўлиб ўтган.
Қолаверса, Ўзбекистон давлат идоралари раҳбар кадрлари учун Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабида махсус ўқув курсларини ташкил қилиш каби масалаларда ҳам ҳамкорлик қилинади.
Эслатиб ўтамиз, корруцияга қарши курашиш борасида халқаро рейтингларда юқори ўринда саналадиган Сингапур давлати тажрибаси 1959 йилда давлат бошқарувига келган Ли Куан Ю шахси билан боғлиқ.
У ҳокимият тепасига келгач, ўзи бошчилигида (ўта махфий равишда) коррупцияга қарши Махсус дастур яратилган ва ҳаётга тадбиқ этилган. Унинг доирасида (салкам икки ярим йил давомида) мамлакатнинг йирик мансабдор шахсларига нисбатан маълумотлар йиғилган ва пухта текширилган. Ундан кейин, лавозими, даражаси, хизматлари ва мукофотлари, қариндошлик алоқаларига қарамай, коррупцияга аралашган барча мансабдорлар ишдан олинган.
