Янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу боис ётоқхона масаласи ҳозирнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди.
Ўтган йили гувоҳи бўлдик, кўпчилик ётоқхонага жойлаша олмади.
Хўш, мутасаддилар ўтган йилги ҳолатлардан тўғри хулоса чиқардими ёки бу йил ҳам талабаларни янги саргузаштлар кутиб турибдими?
Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Назокат Абдуқундузова билан суҳбатлашдик.
Хабарингиз бор, жорий йилдан биринчи курсга қабул қилинган талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш онлайн тарзда амалга оширалади, – дейди Назокат Абдуқундузова. – 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, бу тартиб барча курс талабалари учун қўлланилади.
Янги тизим олдинги йилларда кузатилган бир қатор муаммоларни бартараф этган ҳолда талабаларга қулайликлар беради.
Хусусан, энди талаба макон ва замон танламасдан, куннинг исталган вақтида ётоқхона олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Ариза топширишда ортиқча қоғоз ҳужжат талаб этилмайди (илгари қоғозда эди). Ҳужжатларни қабул қилишда инсон омили иштирок этмайди. Навбат кутишга ҳам ҳожат йўқ – 10 дақиқада онлайн мурожаат қилиш мумкин. (илгари ҳужжатни қабул қилишда жонли навбатлар бир неча, хаттоки кунлаб вақт талаб этган).
Талаба ўз аризасини онлайн кузатиб боради ва натижасидан ўқиш жараёнлари бошланишидан олдин хабар топади. Шу тариқа талабалар ётоқхонага жойлашади.
– Ҳозиргача қанча талаба онлайн ариза орқали ётоқхонага жойлаштирилди?
– Айна пайтда бошкентдаги 29 та олий таълим муассасасида 73 та марказ ташкил этилиб, уларда 438 нафар кўнгилли лидер ёшлардан иборат волонтёрлар фаолият юритмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази бош штаб сифатида хизмат кўрсатмоқда.
23 август ҳолатига кўра, 1 минг 300 та мурожаат келиб тушди. Шундан 513 таси ижара хонадонлари, 787 таси ётоқхона масаласида. Аризаларнинг 1 минг 200 таси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Ижара уйларига жойлашган ва жойлашмоқчи бўлаётган талабаларга яратилаётган қулайликлар ҳақида ҳам тўхталсангиз?
Ҳар бир олий таълим даргоҳида ётоқхона билан қамраб олинмаган талабаларга ижара хонадонлари топиш ва жойлаштиришга кўмаклашувчи махсус марказлар ташкил этилган.
Уларда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг топшириғига биноан, муассаса атрофида мавжуд ижара хонадонлар рўйхати тузилиб, республика миқёсида 74 миндан ортиқ ётоқ ўрни базаси шакллантирилган.
Ҳукуматимизнинг тегишли қарори билан ижарада яшовчи талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ҳам соддалаштирилди. Бунда талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун қўйиладиган бир қатор талаблар бекор қилиниб, талабгорни аниқлаш мезонларини белгилаш ваколати олий таълим муассасасидаги комиссияга берилди. Бу орқали ҳақиқатда ижарага эҳтиёжманд бўлган талабаларнинг имтиёздан фойдланиш имконияти янада оширилади.
Шунингдек, талабаларга ўз хонадонини ижарага берувчиларнинг мазкур фаолиятдан олган даромадлари солиққа тортилмайди.
Ўтган йили қўшимча ётоқхоналар қуриш борасида гап-сўзлар бўлганди. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз?
2023 йилда ётоқхоналар барпо этиш бўйича 64 та 30 166 ўринли ётоқхона лойиҳаси тасдиқланган. Шундан 44 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилади. Бундан ташқари, 10 та ётоқхона олий ўқув юртларининг ўз маблағлари ҳисобидан, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 7 та, инвестиция дастури доирасида 3 та ётоқхона қуриш бўйича ишлар кетмоқда.
Мадина ПЎЛАТ қизи
Ishonch.uz
